Бозор назорати — хавфсиз маҳсулот ва адолатли рақобат кафолати
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси масъуллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, анъанавий назорат харидидан замонавий бозор назорати механизмига ўтиш жараёнлари ҳамда жорий йилнинг январь–май ойларидаги фаолият якунлари сарҳисоб қилинди. Анжуманда сўзга чиққан инспекция раҳбарияти маҳсулотлар хавфсизлигини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида тизимли ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.
Хусусан утган давр мобайнида инспекция томонидан 222 та корхонада давлат назорати тадбирлари ўтказилган. Текширувлар давомида 252 турдаги маҳсулот ўрганилиб, уларнинг 214 таси ёки қарийб 85 фоизи белгиланган техник регламент ва стандартлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланган.
Муттасадилар номувофиқ деб топилган маҳсулотларнинг умумий қиймати 4,3 миллиард сўмдан ошганини билдирди. Шунингдек, анжуманда 48 та ҳолатда умумий қиймати 12,5 миллиард сўмлик маҳсулотлар сертификатлаштириш талаблари бузилган ҳолда сотилгани, 20 турдаги маҳсулот эса сифат кўрсаткичларига умуман жавоб бермаслиги аниқлангани алоҳида таъкидланди.
Инспекция вакиллари маҳсулот сифати билан бир қаторда метрологик талабларга ҳам тўхталиб ўтди. Текширилган 8 258 та ўлчаш воситасининг 6 635 таси белгиланган тартибда қиёсланмагани маълум бўлган. Бу эса маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларида ўлчаш аниқлиги таъминланмаганидан далолат беради.
Шунингдек, қонунбузилишларнинг асосий қисми қурилиш материаллари, кимё саноати, электротехника, енгил саноат, металлургия, машинасозлик ҳамда қозон ускуналари ишлаб чиқариш соҳалари ҳиссасига тўғри келмоқда. Бундан ташқари, ҳудудлар кесимида Тошкент шаҳри, Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Сурхондарёда номувофиқ маҳсулотлар улуши юқори экани қайд этилди.
[gallery-30286]
Тадбирда қонунбузарларга нисбатан кўрилган чоралар ҳам очиқланди. Масъулларнинг сўзларига кўра, 223 нафар раҳбар ва ходимга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган. Уларнинг 206 нафарига 172,5 миллион сўм жарима қўлланилиб, ҳозиргача 84,6 миллион сўми ундирилган, қолган ҳолатлар бўйича эса суд жараёнлари давом этмоқда. Шу билан бирга, 61 та корхонага нисбатан қарийб 8 миллиард сўмлик молиявий жарима ҳужжатлари тайёрланган.
Инспекция раҳбарияти 47 та корхонага 6,6 миллиард сўмлик ихтиёрий тўлов талабномалари юборилгани, 15 та корхонага нисбатан эса 1,4 миллиард сўмлик даъво аризалари судларга киритилганини таъкидлади.
Профилактика ишлари ҳақида гапирганда, йил бошидан буён 7 954 та тадбиркорлик субъектига огоҳлантириш хатлари юборилгани айтиб ўтилди. Истеъмол бозорини ҳимоя қилиш мақсадида 90 та назорат хариди амалга оширилиб, 163 та маҳсулот намунаси лабораторияларда синовдан ўтказилган. Дастлабки натижаларга кўра, 61 та маҳсулот хавфсизлик талабларига жавоб бермаслиги аниқланган, 73 таси эса мувофиқ деб топилган. Қолган 29 та маҳсулот бўйича синовлар ҳали ҳам давом этмоқда.
Камчиликлар бартараф этилгунга қадар ушбу маҳсулотларни эркин муомалага чиқаришни чеклаш юзасидан Божхона қўмитаси ва мувофиқликни баҳолаш органларига расмий огоҳлантиришлар юборилгани таъкидланди.
Анжуманда сертификатлаштириш тизими ва лабораториялар фаолияти ҳақида ҳам тухталиб утилди. 51 та сертификатлаштириш идораси томонидан берилган 500 та ҳужжат ўрганилганда, уларнинг 485 тасида камчиликлар топилган ва тегишли кўрсатмалар берилган. Шунингдек, лабораторияларнинг техник имкониятларини текшириш давомида 194 та маскан ўрганилиб, улардан 183 тасининг малакаси тасдиқланган, талабга жавоб бермаган 13 та лабораторияга эса рад жавоби берилган.
Тадбир якунида инспекция расмийлари келгуси режалар билан ўртоқлашди. Жумладан, 2026 йилнинг январь–сентябрь ойларида назорат янада кучайтирилиши, 6 450 та профилактика тадбири, 135 та назорат хариди ўтказилиши ва хавф таҳлили асосида тадбиркорларга 6 300 та огоҳлантириш хати юборилиши кўзда тутилгани таъкидланди. Очиқ мулоқот руҳидаги анжуман сунгида журналистлар ўзлари қизиқтирган саволарга жавоб олишди.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/dcxh97CZ3Wo?si=zkT_mTxXinQP7nEP" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ҳамроз Баёнов, ЎзА