Бозор механизми: кўмир таъминотида янги тизим
Куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари ва ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш муҳим вазифалардан бири. Айниқса, табиий газ етиб бормаган ҳудудларда кўмирга бўлган эҳтиёжни ўз вақтида қоплаш, маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришда очиқлик ва рақобатни таъминлаш долзарб аҳамият касб этади.
Шу мақсадда мамлакатимизда 2026/2027 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида кўмир таъминоти тизимида янги ёндашув жорий этилди. Бу борада “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан амалга оширилаётган ишлар, аҳоли ва бюджет ташкилотларини кўмир билан таъминлашнинг янги тартиби, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ўтказилди.
Тадбирда “Ўзбеккўмир” АЖ Маркетинг ва маҳсулот етказиб бериш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Кўчимов иштирок этди. Таъкидланганидек, жорий йилдан аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир етказиб беришда бозор механизмларига асосланган янги тартиб йўлга қўйилди. Бу тизим Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 30 июлдаги 418-сон қарори билан соҳада бозор тамойилларини жорий этиш белгилангани билан боғлиқ.
Янги тартибнинг муҳим жиҳати маҳаллий кўмир учун давлат томонидан қатъий нарх белгилаш амалиёти бекор қилинганидир. Энди “Ўзбеккўмир” АЖ аҳоли ва бюджет ташкилотлари учун мўлжалланган маҳсулотни белгиланган ҳажмларда биржа савдоларига очиқ ва шаффоф тарзда чиқаради.
Талабларга жавоб берадиган тадбиркорлик субъектлари эса кўмирни биржа орқали харид қилиб, уни аҳолига етказиб беради. Бунда маҳсулотнинг харид қилиниши, ташилиши, сақланиши ва бошқа харажатлар бозор шароитида шаклланадиган нархда инобатга олинади. Жорий йилда “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан аҳоли истеъмолчиларига 1 миллион 530 минг тонна кўмир етказиб бериш режалаштирилган.
Хусусан, 6 октябрь ҳолатига кўра аҳоли учун 377 минг 85 тонна кўмир биржа савдоларига чиқарилди. Шундан 273 минг 505 тоннаси тадбиркорлик субъектлари томонидан харид қилинди. Харид қилинган кўмирнинг 18 минг 797 тоннаси ортиб юборилган бўлиб, шундан 9 минг 413 тоннаси қабул қилиб олинган. Шунингдек, 6 октябрь ҳолатига тадбиркорлик субъектлари томонидан аҳолига 7 минг 532 тонна кўмир сотилди.
– Ҳар бир туманда камида учта тадбиркорлик субъектидан иборат кўмир сотувчилари рўйхатини шакллантириш назарда тутилган, – дейди “Ўзбеккўмир” АЖ Маркетинг ва маҳсулот етказиб бериш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алишер Кўчимов. – Бу, ўз навбатида, аҳолига бир нечта сотувчи хизматидан фойдаланиш, маҳсулот ва нархларни солиштириш ҳамда ўзи учун мақбул вариантни танлаш имконини беради. Яъни янги тизимда кўмир таъминоти фақат маҳсулотни етказиб бериш билан чекланмай, истеъмолчи учун танлов ва тадбиркор учун рақобат муҳитини яратиш тамойилига асосланмоқда.
Бунда “Ўзбеккўмир” АЖнинг асосий вазифаси — аҳоли ва бюджет ташкилотлари эҳтиёжи учун зарур кўмирни қазиб чиқариш, уни белгиланган ҳажмларда ўз вақтида биржа савдоларига чиқариш ҳамда бозор иштирокчилари учун тенг шароит яратишдан иборат.

Куз-қиш мавсуми давомида аҳоли эҳтиёжини зарур ҳажмдаги кўмир билан таъминлаш, маҳсулотни ўз вақтида биржа савдоларига чиқариш ва истеъмолчиларга етказиб бериш ишлари белгиланган тартибда давом эттирилади.
Шу тариқа соҳада жорий этилаётган янги тизим кўмир бозорида очиқлик ва шаффофликни кучайтириш, тадбиркорлик субъектлари ўртасида рақобатни ривожлантириш ва энг муҳими, аҳоли учун танлов имкониятини кенгайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
А.Мусаев,ЎзА.