Божхоначилар тадбиркорларга кўмакчи
Мамлакатимиз иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш баробарида божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган товар-моддий бойликларнинг божхона назоратини амалга ошириш, контрафакт маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш, юртимиз экспорт салоҳиятини ошириш ва импортни оптималлаштириш борасида тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама амалий кўмак бериш бўйича божхона органлари томонидан ўтган бир ой давомида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Хусусан, биргина Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси томонидан жорий йилнинг январь ойида ўзининг фискал вазифалари доирасида божхона тўловларидан давлат бюджетига 40,9 миллиард сўм миқдоридаги пул маблағи ўтказилиши таъминланган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 78 фоизга ортган.
Ҳукумат қарорлари асосида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш мақсадида тақдим этилган имтиёзлар доирасида бошқарма томонидан ҳисобот даврида қарийб 18,5 миллиард сўм миқдорида божхона тўловидан имтиёз ва преференция қўлланилган. Жорий йил январь ойида бошқарманинг хулосаларига асосан 7 та ташкилотга жами 7,9 миллиард сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди. Бу эса ўз навбатида тадбиркорлик субъектларининг оғирини осон қилиб, ўз фаолиятларини йўлга қўйиб олишларида ҳам аҳолига янги иш ўринлари яратилишида алоҳида тиргак вазифасини бажармоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 2023 йил январь ойида товарлар ташқи савдо айланмаси 37,5 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Шундан, 17,6 миллион АҚШ доллари қийматидаги товар экспорти амалга оширилган бўлса, импорт товарлар улуши эса 53 фоизга тенг бўлди.
Ҳисобот даврида Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармаси ТИФ ва МЭД постлари орқали экспорт қилинган товарларнинг асосий салмоғи пластмассадан ясалган буюмлар, ип калава, фармацевтика, кимё саноати маҳсулотлари, жун, мўйна, тери ва улардан ясалган буюмлар, қишлоқ хўжалиги, мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келади. Товарлар импортида эса металлар ва улардан тайёрланган буюмлар, технологик асбоб-ускуналар, ёғоч ва тахта маҳсулотлари, кимё саноати маҳсулотлари, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва нефть маҳсулотлари, транспорт ва унинг эҳтиёт қисмлари етакчилик қилмоқда.
Мамлакатимизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари Россия, Хитой, Қозоғистон, Туркия, Латвия, Бирлашган Қироллик ва бошқа давлатлар билан билан ўзаро савдо-сотиқ муносабатларини йўлга қўйган. 2023 йилнинг январь ойи давомида бошқарманинг Масофавий электрон декларациялаш (МЭД) божхона пости томонидан жами 1 минг 360 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилган бўлиб, уларнинг 60 фоизи “яшил”, 31 фоизи - “сариқ” ва атиги 9 фоизи - “қизил” йўлак орқали расмийлаштирилган. Бу эса божхона органларида рақамлаштириш жараёнлари билан бир қаторда амалиётга жорий этилган ахборот тизимларининг самарадорлиги ортиши натижасида ҳалол фаолият билан шуғулланаётган тадбиркорлик субъектларининг қўллаб-қувватланиши, уларнинг вақт ва харажатларининг иқтисод бўлишига замин яратмоқда.
Таъкидлаш жоизки, божхона чегаралари орқали яратилган шароитлардан ғаразли мақсадларда фойдаланиб, давлат бюджетига ундириладиган божхона тўловларидан “қочиш” мақсадида қинғир йўллар билан ноқонуний равишда товар моддий бойликларни, тақиқланган ашёларни божхона чегаралари орқали олиб ўтишга уринаётган “уддабуронлар” ҳам учрамоқда. Лекин, бу каби барча ғайриқонуний ҳаракатларга туну-кун сарҳадларимизда сергак божхоначиларимиз томонидан ўз вақтида чек қўйилмоқда.
Қорақалпоғистонлик божхоначилар томонидан жорий йилнинг биргина январь ойи давомида жами 27 та ҳолатда қиймати 637 миллион сўмлик товар моддий бойлик ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида ушлаб қолинди. Ҳисобот даврида жами қиймати 63,4 миллион сўмлик 524 литр сифати кафолатланмаган спирт ва қўлбола усулда тайёрланган алкоголь ичимликларининг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ ҳолатларга чек қўйилди. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан миқдор жиҳатидан 332,9 литрга кўпайган. Шунингдек, гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 1 та ҳолатда 5,34 гр героин гиёҳвандлик моддаси, кучли таъсир қилувчи моддалардан 43 дона “регапен”, 24 флакон “Тропикамид” дори воситаси ноқонуний айланмадан олинди.
Бир сўз билан айтганда, бугун божхона хизмати органларининг фаолияти тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш ҳажми ва аҳолининг доимий иш ўринлари билан таъминланганлик даражасининг ортишида, шунингдек, юртимиз ҳудудига контрафакт маҳсулотлари, гиёҳвандлик ва психотроп, ўқотар қуроллар, сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларининг сарҳадларимиздан кириб келишининг олди олиниб, халқимизнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришида ҳам ўз аксини топмоқда.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири