Божхоначилар кўмагидан тадбиркор миннатдор
Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қутлимуратов бошчилигидаги мутасаддилардан таркиб топган гуруҳ Қоровулбозор туманида сайёр қабул ўтказди.
Дастлаб мутасаддилар тумандаги “Buxara real moto” МЧЖ корхонаси фаолияти билан танишди. Корхона “Lochin” бренди остида уч ғилдиракли юк ташишга мўлжалланган мотоцикллар, мотокультиваторлар ва квадратцикллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. 2016 йилда иш бошлаган корхона ва божхона органлари ўртасида ҳамкорлик яхши йўлга қўйилган.

– Хорижий давлатлардан келтирилаётган технологик асбоб-ускуналарнинг барчаси божхона ходимларининг тегишли тавсиялари асосида божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган ҳолда импорт қилинмоқда, – дейди корхона раҳбари Соҳиб Сулаймонов. – Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, корхонамизга 2022 йилнинг ўтган даврида 10 миллион 21 минг АҚШ доллари қийматидаги товарлар импорти амалга оширилган. Натижада 325 миллион 972 минг сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган. Айни дамда корхонада ишлаб чиқарилган мотоцикл, мотокультиватор ва квадратцикллар ички бозорда сотилмоқда.

Учрашувда корхона раҳбари, божхона органлари билан ҳамкорликда ҳеч қандай муаммоларга дуч келмаётганлигини таъкидлади. Айни дамда 210 киши ишлаётган корхонада яна 30 та доимий иш ўрни яратилишини қайд этди.
Вилоят божхона бошқармаси бошлиғи Баҳодир Қутлимуратов томонидан божхона иши билан боғлиқ қандай масалада амалий ёрдам кераклиги сўралганда, тадбиркор чегара божхона постидан киришда қизил йўлакка йўналтирилган транспорт воситаларини манзил божхона постида бир марта кўрикдан ўтказиш таклифини берди. Мазкур таклифга соҳа мутахассислари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 24 августдаги қарорига асосан тадбиркор “ваколатли иқтисодий оператор” мақомини олган тақдирда божхона расмийлаштирув жараёнида янада енгилликлар берилиши тушунтирилди.

Сайёр учрашув масъуллари қурилишда фойдаланиладиган цемент маҳсулоти ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Bukhara euro cement” МЧЖ бўлишди. Умумий ер майдони 20 гектарни ташкил этадиган корхонанинг лойиҳа қиймати 29 миллион АҚШ долларига тенг. Ҳозирда қурилиш монтаж ишлари амалга оширилаётган корхона тўлиқ қувватда ишласа 200 киши доимий иш билан таъминланади. Корхона масъуллари ҳам божхона органлари билан доимий ҳамкорликни йўлга қўйган. Ҳукуматимизнинг тадбиркорлик субъектларига қаратаётган эътиборидан самарали фойдаланиб келмоқда. Биргина жорий йилда 497 минг АҚШ доллари қийматидаги товарлар импорт қилинган. 1 миллиард 311 миллион сўм миқдорида божхона тўловларидан имтиёз қўлланилган.
Сайёр ташриф давомида мутасаддилар корхона фаолияти билан яқиндан танишиб, тадбиркорнинг муаммоларини ўрганди.
Зариф Комилов,
ЎзА