Божхона тизими: тадбиркорлар манфаати йўлида
Бухоро вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Б.Муратов “Бухоро” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости ҳамда унинг тасарруфидаги божхона омборлари фаолиятини атрофлича ўрганди.
Ўрганишлар аввалида божхона постида фуқаролар ва тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар кўздан кечирилди. Хусусан, хизмат кўрсатиш жараёнларининг шаффофлиги, тезкорлиги ва қулайлиги таҳлил қилиниб, бу борадаги мавжуд ютуқлар ва камчиликлар атрофлича муҳокама этилди. Тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, юкларни расмийлаштириш жараёнларини соддалаштириш ҳамда логистика занжирини самарали ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, “BGP International Equipment” компанияси вакили билан бўлиб ўтган учрашувда Индонезиядан олиб кирилган, умумий қиймати 344,8 минг АҚШ долларига тенг бўлган икки партия товарни “вақтинча олиб кириш” божхона режимига жойлаштириш бўйича амалий ёрдам сўралди.
Мазкур мурожаат юзасидан мутасадди ходимлар томонидан зудлик билан ўрганиш ишлари олиб борилиб, қонунчилик доирасида масалага шу жойнинг ўзида ижобий ечим топилди. Бу эса божхона органларининг тадбиркорларга яқиндан кўмаклашиш, уларнинг муаммоларини жойида ҳал этиш борасидаги ёндашуви амалда ўз ифодасини топаётганини кўрсатади.

Сайёр ўрганишлар якунида бошқарма бошлиғи томонидан узоқ муддат давомида божхона омборларида сақланиб келинаётган товарларни якуний божхона режимларига расмийлаштиришни жадаллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берилди. Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида учраётган муаммоларни тизимли равишда ўрганиш, уларга амалий ёрдам кўрсатиш ва хизматлар сифатини янада ошириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Божхона тизимида амалга оширилаётган бундай очиқ ва манзилли ёндашувлар иқтисодий фаолликни рағбатлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ҳамда тадбиркорлар ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири