Божхона органлари тадбиркорларга кўмакдош
Мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, халқ фаровонлигини оширишда салмоқли ўрин тутадиган хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, кичик бизнес эгаларини қўллаб-қувватлашда божхона органлари томонидан салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
Бу устувор мезон Республика давлат божхона қўмитаси раиси, генерал Акмалхўжа Мавлоновнинг Наманган вилоятига амалга оширган хизмат сафари давомидаги ҳудудлардаги ўрганишлари ҳамда тадбиркорлик субъектлари билан мулоқоти жараёнида яққол кўзга ташланди.
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да республика бош божхоначиси раислигида тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов, вилоят прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Умирбек Мадраҳимов ҳамда онлайн платформа орқали Божхона қўмитаси ҳудудий бошқармалари, тегишли ташкилотлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари иштирок этдилар.


Қайд этилганидек, ҳудуднинг экспорт салоҳиятини янада ошириш, ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантириш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тадбир доирасида Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир қатор наманганлик фаол тадбиркорлар Божхона қўмитасининг турли номинациялари бўйича рағбатлантирилди. Жумладан, “Энг яхши экспортёр” номинацияси бўйича Давлатобод туманидаги “Saodat sanoat servis” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдулҳамид Мўминов, Чуст туманидаги “Chust textile” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Исматуллаев тақдирланди.


“Энг яхши аёл тадбиркор” номинациясида Наманган шаҳридаги “Iftihor kiyim sanoat” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Анна Добрих, “Энг интизомли ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиси” номинацияси бўйича эса Давлатобод туманидаги “Fazman tekstil” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Тоҳир Жўраев муносиб эътироф этилди.
Тўрақўрғон туманидаги масъулияти чекланган жамияти шаклидаги “Runam-tex” хорижий корхонаси, Янги Наманган туманидаги “Nano pharmaceuticals” масъулияти чекланган жамиятига Божхона қўмитаси томонидан “Ваколатли иқтисодий оператор” мақоми берилганлиги муносабати билан гувоҳномалар тантанали равишда топширилди.
Тадбиркорлик субъектлари билан тўғридан тўғри мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкил этилган очиқ мулоқотда божхона органлари билан бир қаторда солиқ, санитария-эпидемиология, техник жиҳатдан тартибга солиш, карантин, сертификатлаштириш ва бошқа ваколатли вазирлик ҳамда идораларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбар ва масъул ходимлари ҳам ҳозир бўлишди. Бу эса, тадбиркорларнинг мурожаатларини жойида кўриб чиқиш ва тегишли масалаларга тезкор ечим топиш имконини берди.


Мулоқот давомида тадбиркорлар томонидан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими учун рухсатнома олиш, ваколатли иқтисодий оператор мақомини қўлга киритиш, импорт қилинаётган товарлар бўйича қўшилган қиймат солиғини ҳисоблаш, хориждан келтирилаётган технологик асбоб-ускуналар ва ишлаб чиқариш учун зарур хомашёларга божхона тўловлари бўйича имтиёзлар қўллаш масалалари кўтарилди.
Қолаверса, ташқи савдо иштирокчилари томонидан божхона расмийлаштируви жараёнида талаб этиладиган сертификатлар, рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни расмийлаштириш тартибларини янада соддалаштириш, рақамлаштириш имкониятларини кенгайтириш ҳамда ортиқча бюрократик жараёнларни қисқартириш бўйича қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Мутасадди раҳбарлар ҳар бир мурожаатни атрофлича кўриб чиқиб, кўплаб масалалар бўйича амалий ечимлар белгилади. Айрим мурожаатлар жойида ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб қиладиган масалалар бўйича эса тегишли ташкилотларга аниқ топшириқлар берилди.
– Текстиль маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхонамиз ўз фаолиятини Давлатобод туманидаги “Юксалиш” кичик саноат зонасида олиб боради. Экспорт йўналишидаги интилишларимиз янада самарали бўлиши учун олдимизда турган айрим масалаларимизни Божхона қўмитаси раисига айтиб, ҳал этдик, – дейди “Saodat sanoat servis” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Абдулҳамид Мўминов. – Мулоқотда қайта ишлаш операциялари учун рухсатнома олингандан сўнг чиқиш нормасида ўзгариш бўлганда, янги рухсатнома олмасдан эскисига ўзгартириш киритиш имкониятини бериш ҳақидаги таклифимиз эътиборга олинганидан беҳад хурсандмиз.
Божхона қўмитаси раҳбари Наманганга хизмат сафари давомида бир қатор ишлаб чиқариш субъектлари, хусусан “Ифтихор кийим саноат” масъулияти чекланган жамиятининг Тўрақўрғон туманида жойлашган корхонасига борди.

Ип-калава, кийим-кечак ҳамда тайёр мато маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган ушбу субъектда ҳозирги кунда “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими самарали қўлланилмоқда. Жамият томонидан жорий йилнинг ўтган даврида қиймати 13,3 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 2,6 минг тонна маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилинган.
Мулоқот давомида янги божхона тизимининг афзалликлари, унинг ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ҳамда экспорт салоҳиятини кенгайтиришдаги аҳамияти муҳокама қилинди.
Шунингдек, корхона фаолиятини янада ривожлантириш, ташқи бозорларга етказиб берилаётган маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ҳамда тадбиркорлар учун яратилаётган қулайликлардан самарали фойдаланиш юзасидан фикр алмашилди.
Ўрганиш давомида Давлатобод туманида хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда қурилаётган “China Town” замонавий турар жой комплекси лойиҳаси билан танишилди.

10 гектар майдонни қамраб олган ушбу лойиҳа доирасида 400 миллион доллар қийматдаги хорижий сармоя ўзлаштирилмоқда. Натижада 2028 йилга бориб, 10 мингта янги хонадон барпо этилади. Қурилиш жараёнларида эса 200 киши меҳнат қилмоқда.
Мулоқот чоғида қурилиш жараёнида фойдаланиладиган махсус ускуналарни импорт қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Тадбиркор томонидан мазкур ускуналарни олиб киришда амалдаги имтиёзлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича таклиф билдирилди.
Импорт қилиниши режалаштирилган ускуналар рўйхатини шакллантириш ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш юзасидан тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири