Божхона назоратига оид қонунчилик ижроси юзасидан ахборот берилди
2025 йилда республика бўйича чегара божхона постлари орқали 57,7 миллион нафар фуқаролар ҳаракати қайд этилган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 4 фоизга ошган. Шунингдек, автомобиль ўтказиш пунктлари орқали автотранспорт воситаларининг ҳаракати 19,3 фоизга ўсиб, 3,9 миллионтани ташкил этган.
Ўтган йили божхона назоратлари давомида 42 минг 833 та ҳолатда умумий қиймати 1 триллион 145 миллиард сўмлик товарларнинг, 5 минг 960 та маданий бойликларнинг ноқонуний айланувига чек қўйилган. 1,8 тонна гиёҳвандлик воситалари, 1,1 тонна психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ушлаб қолинган.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар, мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.
Унда Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Н.Мусамухаммедов давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида божхона назорати ва расмийлаштиришга оид қонун ҳужжатлари ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.

Эшитувда таъкидланганидек, чегара божхона постларида радиация назорати қурилмалари, мобиль инспекцион-кўрик мажмуалари, инсон танасини сканер қилувчи қурилмалар, автотарозилар, интроскоплар ҳамда бошқа замонавий техник воситалардан самарали фойдаланилмоқда.
Соҳада инсон омилини қисқартириш ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш борасида 60 дан ортиқ турдаги электрон ҳужжатлар амалиётга татбиқ этилган, 65 мингдан зиёд фойдаланувчилар қамраб олинган ҳамда 18 та муассаса билан электрон маълумот алмашинуви йўлга қўйилган. 42 та сертификат ва рухсатнома ҳужжатларини “Ягона дарча” божхона ахборот тизими орқали расмийлаштириш имконияти яратилган.
Натижада 2022–2025 йилларда божхона расмийлаштируви вақти 4,5 баробарга қисқаргани, бюджет тушумлари эса 3 бараварга ошгани алоҳида эътироф этилди. Шу билан бирга, импорт операцияларининг 81 фоизи ва экспорт операцияларининг 95 фоизи соддалаштирилган тартибда амалга оширилмоқда. Бу эса тадбиркорларнинг харажатлари 10 миллион долларга қисқаришига олиб келган.
Эшитувида соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш, парламент ва депутатлик назоратини янада кучайтириш юзасидан келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова, ЎзА