Божхона фаолиятида сунъий интеллект имкониятлари кенгаймоқда
Бугунги кунда барча соҳа ва тармоқларда рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Жумладан, божхона тизимига ҳам замонавий ахборот технологиялари кенг жорий этилиб, божхона соҳасини очиқлик, шаффофлик ҳамда ишончлилик тамойиллари асосида коррупциядан холи тизимга айлантиришга эътибор берилмоқда. Эндиликда соҳада замонавий технологиялардан фойдаланиш кўлами янада кенгаймоқда.
Бугун Божхона қўмитаси томонидан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатишда рақамлаштириш ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш масалаларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда Божхона қўмитаси Раиси ўринбосари ҳамда тегишли бошқарма бошлиқлари томонидан соҳада ташқи савдо иштирокчилари учун жорий этилаётган янги электрон хизматлар, божхона расмийлаштирувини автоматлаштириш натижалари ҳамда назорат-таҳлил жараёнларида сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш истиқболлари ҳақида маълумотлар берилди.
— Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари бошчилигида божхона соҳасига қаратилаётган юксак эътибор натижасида тизим фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим ҳужжатлар қабул қилинмоқда, — деди Божхона қўмитаси Раиси ўринбосари Н.Мусамуҳамедов. — Жумладан, 2026 йил 27 августда қабул қилинган “Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш ва божхона маъмурчилигида замонавий ёндашувларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони божхона органларини замонавий ахборот технологияларини кенг жорий этиш орқали “Интеллектуал божхона”га трансформация қилиш, соҳада очиқлик ва шаффофликни таъминлашда муҳим ҳужжат бўлди. “Янги Ўзбекистон божхонаси – 2030” стратегияси тасдиқланиб, унда 2026-2030 йилларга мўлжалланган муҳим вазифалар белгилаб берилди. Жумладан, 2030 йилга қадар рақамли технологияларни ривожлантириш орқали инсон омилисиз божхона расмийлаштируви кўлами 60 фоизга, божхона тушумларининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 4,4 фоизга етказиш, божхона расмийлаштируви вақтини икки баробарга қисқартириш, божхона хизматлари сифатини яхшилаш ва ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг божхона органларига бўлган ишончини мустаҳкамлаш асосий мақсад қилиб белгиланган.
[gallery-31858]
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, соҳани рақамлаштириш ҳисобига экспорт декларацияларининг 94 фоизи ёки 266 мингтаси, импорт декларацияларининг 90 фоизи ёки 491 мингтаси соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилди. Бунда 185 мингдан ортиқ (экспортда 43%, импортда 11%) экспорт ва импорт декларацияларининг расмийлаштируви инсон омилисиз амалга оширилди. Биргина 2025 йилда сунъий интеллект ва рақамли технологиялар кўмагида 150 млрд сўм божхона тўловлари давлат бюджетига ундирилган.
Божхона тартиботларини соддалаштириш орқали 8 мингта экспортёр ҳамда 51 мингта импортёрнинг ортиқча сарф-харажати ва вақти тежалишига эришилди.
Анжуман давомида Божхона қўмитаси томонидан ишлаб чиқилган “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматининг янги версияси тақдимот қилинди. Унга кўра, замонавий технологиялар, жумладан, сунъий интеллект элементларидан фойдаланган ҳолда ахборот қидириш, тариф ва нотариф чораларни билиш имконияти жорий этилган.
Яъни, эндиликда бирон товарнинг расмини ушбу рақамли платформага киритиб, товар кодини, унинг божхона тўлови қанча бўлишини, қандай ҳужжатлар ёки рухсатномалар кераклигини билиш мумкин. Шу билан бирга, бошқа давлатларда бу товарга қандай божхона талаблари қўйилгани ҳақида ҳам маълумот олиш мумкин.
Бундан ташқари, “маслаҳатчи-аудитор” тамойили асосида божхона аудитнинг профилактик йўналиши кучайтирилиб, камчилик аниқланган ҳолатларда тадбиркорга уни мустақил бартараф этиш имкони берилади. Яъни, божхона назоратининг вазифаси нафақат ҳуқуқбузарлик ёки камчиликни аниқлаш, балки тадбиркорга уни ўз вақтида тўғрилаш учун шароит яратишни ҳам қамраб олмоқда.
Бу жараёнда сунъий интеллектдан фойдаланиш эса божхона аудитининг таҳлилий имкониятларини янада кенгайтириши кутилмоқда. “Божхона аудити” ахборот тизимида жорий этилиши режалаштирилган “AI-таҳлил” технологияси декларациялар, тижорат ҳужжатлари, товарлар, тўловлар ва ташқи иқтисодий операцияларга оид маълумотларни ўзаро таққослаб, эҳтимолий тафовут ва хавфларни автоматик аниқлаш имконини беради.
Матбуот анжуманида қайд этилганидек, божхона соҳасида жорий этилаётган бу каби рақамли ечимлар тадбиркорлар, ташқи савдо иштирокчиси учун ягона ва қулай рақамли муҳитни шакллантириш, енгилликлар яратишга, вақтни тежаш ва иш ҳажмини камайтиришга хизмат қилади.
Матбуот анжумани давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилди, мазкур рақамли платформани янада такомиллаштириш ва уни тадбиркорлар, аҳоли ўртасида тарғиб этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, Аслиддин Алижонов (сурат), ЎзА