Бўзатовда ҳунармандлар сафи кенгаяди
Қорақалпоғистон Республикаси Бўзатов туманида миллий ҳунармандчилик кўргазмаси намойиш этилди.
“Ҳунарманд” уюшмаси, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармалари томонидан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Оролбўйининг 6 та туманидан 32 нафар ҳунарманд ўзлари томонидан тайёрланган миллий кийимлар, каштачилик, гилам, ёғоч ўймакорлиги, чолғу асбоблари ва бошқа буюмлари билан иштирок этди.
Тадбирда “Ҳунарманд” уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими раҳбари Д.Алламбергенова, тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарат раҳбари Ш.Отемисов мамлакатимизда миллий ҳунармандчилик, халқ бадиий ва амалий санъатини ривожлантириш, шу орқали халқимизнинг бой маданий мероси ва тарихий анъаналарини тўлиқ сақлаб қолиш, банд бўлмаган аҳоли, айниқса ёшлар, аёллар ва кам таъминланган оилаларни ҳунармандчиликка кенг жалб этишга қаратилаётган эътиборга тўхталди.
[gallery-2787]
Бугунги кунда мамлакатимизда ҳунармандчилик ҳам жадал ривожланиб, аксарият оилаларнинг даромад манбаига айланмоқда. Мазкур тадбирни ўтказишдан кўзланган мақсад, Бўзатов тумани аҳолиси, айниқса, ёшлар ўртасида ҳунармандчиликни ривожлантириш, “Устоз-шогирд” анъаналарини давом эттириш, ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, шу орқали ёшларга ҳунар ўргатиш ва бандлигини таъминлашдир.
Тадбир якунида фаол иштирокчиларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Меҳмонлар туман марказидаги “Ҳунармандлар аллеяси”да яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА