Бойтўпда кўприк қурилди
Яқинда Самарқанд вилоятининг чекка ҳудудларидан бири– Қўшработ туманидаги “Бойтўп” маҳалла фуқаролар йиғинида эзгу иш амалга оширилди. Қишлоқни икки қисмга ажратиб турган сой устига маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан эни тўрт метр, узунлиги 32 метрлик, темир-бетондан ясалган мустаҳкам кўприк қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бу кун бойтўпликлар учун чинакам байрамга айланди. Туман ҳокими Дилшод Шакарбоев қишлоқ аҳлини ушбу мувафақият билан табриклаб, қурувчиларга миннатдорлик билдирди.
Бир қарашда бу оддий ҳодисадек туюлиши мумкин. Аммо унинг маънавий ва ижтимоий аҳамияти анча кенг Чунки йиллар давомида қишлоқ аҳолиси сел-сув тошқинлари туфайли қатор қийинчиликларга дуч келар эди. Айниқса, баҳор ва ёмғирли кунларда бир соҳилдан иккинчисига ўтиш муаммога айланар, болалар мактабга, кексалар шифокорга, одамлар эса кундалик ишларига боришда ноқулайлик сезар эдилар.
Кўприк қурилиши билан нафақат йўл қисқарди, балки одамларнинг турмуш тарзи ҳам енгиллашди.Энди қишлоқ аҳолиси вақт ва кучини тежайди, болалар хавфсиз ҳаракатланади, қишлоқнинг икки қисми ўртасидаги иқтисодий ва ижтимоий алоқалар янада мустаҳкамланади.

–Энг муҳими, бу кўприк одамларнинг бирлиги ва ишончидан қурилди, – дея кўпчилик фикрини изҳор қилди тадбирда сўзга чиққан маҳалла фаоли Сайдулла бува Худойбердиев.–Ҳашарда қатнашган ҳар бир инсон ўз меҳнати билан умумий ишга ҳисса қўшди.Бу эса жамият тараққиётининг энг муҳим омили бўлган фуқаролик масъулиятининг ёрқин намунасидир.
Тарихга назар ташласак, буюк цивилизациялар ҳам айнан ҳамжиҳатлик туфайли ривожланганини кўрамиз. Қадимги Рим кўприклари, Буюк ипак йўлидаги карвон йўллари, Амир Темур даврида қурилган муҳташам иншоотлар халқнинг бир мақсад йўлида бирлашган меҳнати маҳсули бўлган.Улар асрлар давомида халқларга хизмат қилгани каби Бойтўп қишлоғидаги бу мўъжаз кўприк ҳам келажак авлодлар учун эзгулик ва ҳамжиҳатлик рамзи бўлиб қолиши, шубҳасиз.
Фалсафада кўприк тушунчаси алоҳида маъно касб этади. У фақат икки нуқтани боғловчи восита эмас, балки кеча билан бугунни, муаммо билан ечимни, орзу билан воқеликни туташтирувчи рамздир. Бойтўпда қурилган кўприк ҳам одамларнинг “кимдир келиб қуриб беради” деган қарашлардан “ўзимиз ҳаракат қилсак, қишлоғимизни ўзгартиришимиз мумкин”, деган ишончга ўтишининг амалий ифодасидир. Бинобарин, улар кўприк қуриб беришни сўраб юқори идораларга қулоч-қулоч хатлар ёзишмади, гуруҳ-гуруҳ бўлиб сайёр қабулларга боришмади, аксинча жимгина, бир ёқадан бош чиқариб, ўз имкониятларини ишга солиб ниятларини амалга оширдилар.Бунда нуронийларнинг, серғайрат ёшларнинг ҳиссалари айниқса салмоқли бўлди.
Бугун бу кўприк устидан мактабига чопқиллаб бораётган болалар уни оддий иншоот сифатида қабул қилишлари мумкин. Аммо йиллар ўтиб, улар бу кўприк ортида турган меҳнат ва фидойиликни англаб етадилар.Чунки ҳар қандай тараққиёт, аввало инсон онгида бошланади. Онг ўзгарган жойда ташаббус пайдо бўлади, ташаббус бор жойда эса тараққиёт бўлади.
Бугун Бойтўп қишлоғида ҳашар йўли билан қирилган кўприкка қараб ўйладим.Қишлоғингни яхши кўриш уни фақат мақташ билангина эмас, балки унинг ҳаётини яхшилаш учун амалий иш қилиш билан ўлчанади. Кўприк қурган инсонлар қишлоғини қуруқ сўз билан эмас, меҳнат билан севиш мумкинлигини исботладилар.
Норбобо Шакаров,
журналист.
ЎзА