Бойсунлик ёшлар йўл бўйини чиқиндилардан тозалади
Бойсун тумани ёшлар ишлари бўлими ходимлари ва ёшлар етакчилари Сурхондарё вилоятининг туман ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятдаги М-39 ҳамда 4Р-105 “Дарбанд – Бойсун – Элбаён” автомобиль йўллари бўйлаб “Йўлимиз тозалиги учун" шиори остида чиқинди йиғиш марафони ташкил этди.
Тозалик, озодалик марафони чоғида ёшлар 35 километр масофадаги йўл бўйини турли чиқиндилардан тозалаб, ободонлаштирди. Ёшликдан ўзларида экологик маданият шакллангани ва атроф-муҳитга бефарқ эмасликларини намоён этди.

Аслида атроф-муҳитнинг ифлосланиши оддий эътиборсизлик ва чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташлаш каби ҳолатлардан бошланади. Бойсунлик ёшларнинг ана шу масалага эътибор қаратгани аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида экологик маданиятни юксалтириб, табиатга эҳтиёткорона муносабатни шакллантириш ва уларнинг атроф-муҳит мусаффолигини асрашга масъуллик туйғусини оширишга хизмат қилди.

Серқатнов йўл бўйлари йўловчиларнинг баҳридилини очадиган озода, саранжом-саришта ҳудудга айланди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири