Бойсунлик ўғил-қизлар миллий ўйинларга меҳрини намойиш этди
Бойсун туманида “Миллий қадриятларга эътибор кўрсатишни оиладан бошлаймиз!” шиори остида “Миллий ўйинлар” фестивали ўтказилди.
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида асрлар давомида шаклланган миллий қадрият ва урф-одатлар асл ҳолида сақланиб келинаётгани билан дунё халқларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бетакрор табиат қўйнидаги туманда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган нафис фольклор санъати, ноёб ҳунармандчилиги ва миллий халқ ўйинлари сўлим гўшада ўтмишдан бой маданий муҳит шаклланганидан сўзлайди.

Дунёда кечаётган глобаллашув жараёнларида “оммавий маданият” турли халқлар урф-одатларига салбий таъсир этиб, ёшларнинг авлодлари анъаналарини унутишига олиб келмоқда. Тумандаги 4-мактабда ўтказилган фестивалда маҳаллаларнинг ўқувчи-ёшлари бой маънавий меросимизга қизиқиш ва интилишини миллий халқ ўйинлари асосида кенг намойиш этди. Айниқса, “Ўртага кириш”, “Ҳаққалак”, “Хўроз ўйини”, “Ланка”, “Арқон тортиш”, “Оқ теракми, кўк терак”, “Чиллак”, “Беш тош” каби миллий ўйинлар барчада бой таассурот уйғотди.

Нафис фестивалда фаол иштирок этган ўғил-қизлар муносиб рағбатлантирилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА