“Бойсун баҳори” халқаро фольклор фестивалининг ғолиблари маълум бўлди
“Бойсун баҳори”нинг халқаро кўрик-танлови якунланди.
Унда мамлакатимизнинг энг сара 16 та фольклор-этнографик ва 30 дан ортиқ чет давлатдан келган фольклор жамоаларининг 150 га яқин иштирокчиси ўз санъати ҳамда миллий анъаналарини намойиш этди.

Танловнинг фольклор санъати йўналишида биринчи ўринга Сурхондарё вилоятидаги “Бойсун” фольклор-этнографик жамоаси сазовор бўлди. Иккита иккинчи ўринга Бухоро вилоятидаги “Жондор фольклор-этнографик ва Беларусь Республикасининг “Беларуски гассинес” жамоаси муносиб топилди. Учта учинчи ўрин Навоий вилоятининг “Хушанзамон”, Тошкент вилоятининг “Кўзмунчоқ” фольклор-этнографик ҳамда Покистон Ислом Республикасининг “Shaamemastana Bazm Boyz” жамоасига насиб этди.

Халқаро кўрик-танловнинг миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишида Жиззах вилоятининг “Боғдон” фольклор-этнографик халқ жамоаси биринчи ўринни қўлга киритди. Иккита иккинчи ўрин Россия Федерациясининг “Радовес” фольклор жамоаси ва Қорақалпоғистон Республикасининг “Мерос” фольклор-этнографик халқ жамоасига насиб этди. Учта учинчи ўринга Андижон вилоятининг “Зилол”, Хоразм вилоятининг “Хоразм” фольклор-этнографик халқ жамоалари ва Қозоғистон Республикасининг “Тумор” этно фольклор жамоаси муносиб топилди.



Тантанали тақдирлаш маросимида ғолиб жамоаларга пул мукофотлари ва статуэткалар топширилди.
Нуфузли танловнинг фольклор ҳамда миллий халқ ўйинлари ва томоша санъати йўналишларида турли номинацияларда ғолиб бўлган хорижлик ва мамлакатимиз жамоалари ҳам муносиб рағбатлантирилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири