Ботир Зокиров ижодига бағишланган кўргазма
Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида рассом Нилуфар Хидоятованинг Ботир Зокиров таваллудининг 90 йиллигига бағишланган “Араб тангоси” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.
Тадбирда қайд этилганидек, Нилуфар Хидоятова 1964 йилда шифокорлар оиласида туғилган. 1998-1999 йилларда Тошкентнинг "Алладин" номли ёшлар экспериментал театрига ишга кириб, саҳнада ижрочилик ва қўшиқчилик фаолиятини бошлади. Тасвирий санъат фаолиятини 2009 йилдан бери юритиб келади. 2009 йилдан Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

Рассомнинг иккита шахсий кўргазмаси Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллигига ҳамда учинчи шахсий кўргазмаси “Менинг олис Суғдиёнам” деб номланиб, Бадиий академиянинг бир нечта залларида намойиш этилган.

Нилуфар Хидоятова бир неча йиллардан бери ўзининг асарларида севимли қўшиқчиси ва бетакрор овоз соҳиби Ботир Зокиров сиймосини яратиб келмоқда. 2021 йил Тошкент шаҳар Маданият Бош Бошқармаси рассомни Ботир Зокиров “Миллий санъатимизнинг фидоийси” номли тасвирий санъат йўналишида Тошкент шаҳар кўрик танловига таклиф этиб гран при тақдирлади. Н. Хидоятова графика ва рангтасвир асарлари билан оммага танилган рассомчилик билан бир қаторда вокал йўналишда ҳам ўз истеъдодини намоён қилиб, қўшиқчилик билан ҳам шуғулланиб келмоқда.

Санъатдаги фаолияти профессионал тарзда рангтасвир ва графика йўналишларида ижод қилади. Ушбу кўргазмада рассомнинг турли хил йилларда яратилган 50 дан ортиқ энг сара ишлари намойишга қўйилган. Нилуфар Хидоятова Ўзбекистонлик рассом ва хонанда бўлиб, ўз ижодида тасвирий санъат ҳамда мусиқани уйғунлаштирган ижодкордир. Санъат ихлосмандлари орасида қўшиқ куйлайдиган рассом сифатида танилган.

Рассомнинг орзуси мусиқа ва рангларни ягона текисликда бирлаштириш чунки бу икки параллеллик гўзаллик ва маънавий мувозанатнинг уйғунлигини ташкил қилади.
Кўргазма жорий йил 27 сентябргача давом этади.
Гулноза Бобоева, ЎзА