Ботир Зарипов: бухороликларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги ошмоқда (+видео)
Жорий йилнинг 7 апрель куни давлат раҳбари бошчилигида жисмоний тарбия ва спорт соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, аҳолини оммавий спортга кенг жалб этиш, селекция ва тайёргарлик тизимини такомиллаштириш масалаларига бағишланган муҳим видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Ушбу йиғилишда спорт соҳасини янада ривожлантириш, унинг жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини оширишга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинди.
Йиғилишда давлат раҳбари спорт нафақат мусобақалар ва ғалабалар майдони, балки соғлом турмуш тарзи, интизом, ватанпарварлик ва мамлакат нуфузини намоён этувчи муҳим ижтимоий куч эканини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, соҳада амалга оширилган ишлар танқидий-таҳлилий руҳда кўриб чиқилиб, 2026 йил учун мўлжалланган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилоятида ҳам спорт соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Таҳлилларга кўра, авваллари вилоятда 1 860 та спорт иншоотида 23 минг нафар спортчи шуғулланган бўлса, бугунги кунда спорт инфратузилмаси сезиларли даражада кенгайди. Хусусан, спорт иншоотлари сони 3 574 тага етди, 30 та таълим муассасасидаги ўқувчи-спортчилар сони эса 48 249 нафардан ошди.

Мураббийлар салоҳиятини ошириш борасида ҳам сезиларли ютуқларга эришилди. Улар сони 1 045 нафардан 1 656 нафарга етди, шундан 1 003 нафари, яъни 61 фоизи тоифали мутахассислар ҳисобланади. Бу эса ёш спортчиларни сифатли тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлат раҳбарининг “Инсон қадри учун” тамойили асосида параспортни ривожлантиришга қаратган эътибори натижасида бу йўналишда ҳам катта ўзгаришлар кузатилмоқда. Хусусан, профессионал параспортчилар сони 184 нафардан 1 081 нафарга ошди. Илгари мавжуд бўлган 35 та параспорт секцияси бугунги кунда 186 та адаптив спорт секцияларига айлантирилди.
Ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятлари ва аҳолининг қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда 4 та спорт мактаби олимпия, 3 таси эса параспорт турларига ихтисослаштирилди. Шу билан бирга, мавжуд спорт инфратузилмаларини яхшилашга ҳам катта эътибор қаратилди. 64 та муассаса реконструкция қилиниб, 21 та янги спорт иншооти барпо этилди.
Президент ташаббуси билан қурилган, қиймати 324 миллиард сўмлик “Универсал” спорт мажмуаси бугунги кунда йирик мусобақалар марказига айланган. Унда 4 марта жаҳон, 6 марта Осиё, 12 марта республика чемпионатлари ҳамда 27 марта турли даражадаги мусобақалар ўтказилди. Шунингдек, 52 миллиард сўм маблағ ҳисобидан Бухоро минтақавий футбол академиясини барпо этиш ишлари амалга оширилмоқда.
Амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бермоқда. Жумладан, вилоят аҳолисининг ўртача умр давомийлиги 2010 йилдаги 73,7 ёшдан бугунги кунда 76,3 ёшга етди. Бу кўрсаткич соғлом турмуш тарзининг кенг тарғиб этилаётгани ва спортга бўлган қизиқиш ортиб бораётганидан далолат беради.
– Вилоятда спорт билан шуғулланадиган профессионал спортчилар сони ўтган йилларда 50 000 нафардан ошди. Шунингдек, бугунги кунда оммавий спорт билан шуғулланадиган аҳолимизнинг салмоғи 42 фоизни ташкил этмоқда. Бу эса аҳолимизнинг ўртача умр кўриш даражаси ҳам ошишига асос бўлмоқда. 2010 йилгача вилоятимиз аҳолисининг ўртача умр кўриш давомийлиги 73 ёшни ташкил этган бўлса, бугунги кунда бу рақам 76 ёшдан ошмоқда. Ҳозиргача вилоятимиз бўйлаб юзга яқин спорт иншоотлари реконструкция қилинди, ўнлаб янги спорт бинолари қурилди. Энг асосий ютуқларимиздан, бухоролик спортчилар халқаро ва нуфузли мусобақаларда иштирок этиб, 111 та медаллар жамғармасини қўлга киритди. Бу борада ҳам тизимли ишларни давом эттирмоқдамиз, – дейди Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов.
Юртимизда спорт соҳасига қаратилаётган юксак эътибор ва амалий қўллаб-қувватлаш натижасида нафақат юқори спорт натижалари, балки аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш борасида ҳам салмоқли ютуқларга эришилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/CBrGeM093KM" title="Botir Zaripov: buxoroliklarning o‘rtacha umr ko‘rish davomiyligi oshmoqda" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов (видео), ЎзА мухбири.