Бошқарув ва раҳбарлик мезонлари
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Навоий вилояти филиали томонидан Навоий шаҳар ҳокимлиги бошқарув ходимлари ва сектор раҳбарлари учун экспресс тренинг ташкил этилди.
Президентимизнинг 2019 йил 3 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори билан давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги кадрларни тайёрлаш, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, янги компетенцияларни ўргатиш вазифалари белгилаб берилган.

– Мазкур тренингдан кўзланган асосий мақсад янги тайинланган туман (шаҳар) ҳокимларининг лавозимга киришиш (адаптация) жараёнини жадаллаштириш, ҳоким ва унинг жамоасини ягона мақсад йўлида ўзаро бирлаштириш, ҳокимлик ва сектор раҳбарининг самарали фаолият юритиши учун зарур бўлган билим ва кўникмаларни беришдан иборат, – дейди Агентликнинг вилоят филиали инсон ресурслари ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўлими бош инспектори Аброр Латипов. – Тренинглар бугунги кун раҳбар ходимларининг шахсий ривожланиш ва иш самарадорлигини оширишга қаратилган “Жамоани шакллантириш ва жамоа билан ишлаш”, Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари фаолиятини энг муҳим самарадорлик кўрсаткичлари (ЭМСК) KPI асосида баҳолаш, “Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, ва камбағалликни қисқартиришнинг самарали йўллари”, “Тайм-менежмент: вақтдан унумли фойдаланиш” ва бошқа шу каби долзарб мавзулар бўйича бўлиб ўтди.

Тренинг давомида тингловчиларга иш режалар тузиш, йўл хариталар ишлаб чиқишга оид назарий маълумотлар берилиб амалий машғулотлар ўтказилди.
Тренинг давомида самарали бошқарув қарорларини қабул қилиш, жамоавий аҳиллик, бирдамлик билан ҳаракатланиш, меҳнат фаолияти самарадорлигини ошириш каби бугунги кун раҳбарлари учун зарур кўникмаларни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Тренинг уч қисмдан иборат бўлиб, иштирокчилар учун унда нафақат ўқув машғулотлари, балки турли лавозимдаги ходимлар ўртасидаги алоқаларни, ижобий муносабатларни ўрнатиш учун амалий машқлар ҳам ўтказилди.
Дастлабки ўқув машғулотларида тингловчиларга раҳбарлар давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги янгиликлар билан таништирилиб, раҳбарнинг етакчилик хусусиятлари ва ходимларни самарали бошқариш механизмлари тушунтирилди.
Таъкидлаш жоизки, раҳбарларга ўқув машғулотлари соҳанинг тажрибали, малакали ва етакчи мутахассис ходимлари томонидан олиб борилди.

– Қизиқарли баҳс ва мунозараларга бой тарзда кечган тренингда иштирокчилар иш самарадорлигини ошириш бўйича ўз таклиф мулоҳазаларини билдириш имкониятига эга бўлди, – дейди шаҳар ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий маърифий ишлар бўйича ўринбосари Илҳом Раҳматов. – Бугунги кунда раҳбар ва ходим ўртасида кузатилаётган муаммоларни муҳокама қилган ҳолда энг яхши ечим топиш учун ғоялар бериш билан бирга фикр-мулоҳазалар алмашилди, зарурий таклифлар ишлаб чиқилди. Тренинглар давомида аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш сектор раҳбарлари ва маҳаллабай ишлашга масъул ходимлар ҳамкорлигига бевосита боғлиқ эканлиги атрофлича тушунтириб ўтилди. Бу каби тренинглар ходимларнинг билим салоҳиятини, малака ва билим тажрибасини оширишда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга келгусидаги фаолиятлари натижадорлигига хизмат қилади. Шу сабабли бундай форматдаги ўқувларни мунтазам равишда ўтказиб бориш керак.
Семинар иштирокчилари гуруҳларга бўлинган ҳолда жисмоний, ақлий ва мантиқий машқларга бой бўлган “Жамоани шакллантириш ҳамда жамоа билан ишлаш” ҳамда “Низоли вазиятларни бошқариш” мавзуларида тренинг машғулотларида иштирок этди.

Тренинглар давомида жамоага раҳбарлик қилиш бу масъулиятли бўлишга алоҳида эътибор қаратилиб, қийин вазиятларда, дейлик, рақобат кучли муҳитда бошқарув, ташкилотчилик ва ўзаро муносабатларни қуришнинг муҳим жиҳатлари таҳлил этилди.
“Муаммоларни ечишда ижодий (креатив) ёндашув маҳорати” тренинги иш жараёнида ижодий фикрлаш кўникмасини қўллаш, уни ривожлантиришга бағишланди. Интерфаол ўйинлар, махсус машқлар орқали иштирокчиларнинг ижодий имкониятларини очиш, уларни намоён этишга ҳаракат қилинди.
Тренинг сўнгида бошқарув ходимлари, секторлар раҳбарларига аҳоли муаммолари билан манзилли ишлаш, фаолиятни ташкил этишда натижадорликка эришишга хизмат қиладиган таклиф ва тавсиялар берилди.
А.Бўриев, ЎзА