Бош вазир ўринбосари бошчилигидаги ҳукумат комиссияси хоразмлик тадбиркорлар ва инвесторларнинг муаммоларини ўрганди
Хива шаҳрида Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев раҳбарлигидаги инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси Хоразм вилояти тадбиркорлари ва инвесторлари билан “очиқ мулоқот” ўтказди.
Самимий ва эркин тарзда ўтказилган мулоқот давомида Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов, Бош прокурор ўринбосари Дилмурод Қосимов, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (бизнес-омбудсман) Абдуманноп Бўриев ҳам тадбиркорларнинг саволларига жавоб берди.

Тадбирда тақдим этилган маълумотларга кўра, Хоразм вилоятида 2026 йилда умумий қиймати 4,1 миллиард долларлик 83 та лойиҳа доирасида 2,1 миллиард доллар (тармоқлар бўйича – 143 млн, ҳудудий – 2 миллиард доллар) миқдоридаги хорижий сармоя ва кредитларни ўзлаштириш режалаштирилган.
Жорий йилнинг январь-июнь ойларида 768 миллион доллар хорижий сармоялар ўзлаштирилди, прогноз 143 фоизга бажарилди, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса 1,5 баробар ўсиш таъминланди.
Тармоқларда 77,1 млн доллар (прогноз 145 фоизга бажарилган, ўсиш 2 баробар), ҳудудий лойиҳаларда эса 691,3 млн доллар (прогноз 143 фоизга бажарилган, ўсиш 1,5 баробар) ўзлаштирилган.
Бироқ, умумий ижобий кўрсаткичларга қарамай, айрим тармоқлардаги алоҳида лойиҳалар бўйича белгиланган прогноз кўрсаткичлари таъминланмаган.
Шу муносабат билан Ҳукумат комиссияси Хоразм вилоятидаги инвестиция лойиҳалари объектларига чиқиб, вазиятни ўрганган. Шунингдек, инвесторлар ва тадбиркорлар билан муаммоли масалаларни шахсан муҳокама қилиш мақсадида ҳам мазкур мулоқот ташкил этилди.

Тадбиркорларга тезкор кўмаклашиш мақсадида мулоқотда масъул вазирликлар, идоралар ҳамда дипломатик ваколатхоналар вакиллари қатнашди. Айрим иштирокчилар онлайн уланди.

Хоразмлик тадбиркор экспорт тартиб-таомилларини тезлаштиришнинг янги механизмини таклиф қилди.
Хусусан, Ҳукумат комиссияси билан мулоқотда Шовот туманидаги “ARTA TEX” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Наргиза Бекмуратова кўплаб экспортчи корхоналар дуч келаётган муаммони кўтарди.

– Компаниямиз тўқимачилик маҳсулотларини АҚШ, Буюк Британия ва Европа мамлакатларига мунтазам экспорт қилиб келади, – деди тадбиркор Наргиза Бекмуратова. – Бироқ, зарур экспертиза хулосаларини расмийлаштириш фақат иш кунлари амалга оширилгани сабабли дам олиш кунларида экспорт жўнатмалари деярли тўхтаб қолади. Шу сабабдан ҳужжатларни расмийлаштириш маҳсулотни жўнатишни кечиктирмаслиги учун экспертиза хизматининг ишини шанба ва якшанба кунлари ҳам ташкил этишни ёки тартиб-таомилларнинг бир қисмини “онлайн” шаклга ўтказишни таклиф этаман.
Ҳукумат комиссияси экспертиза хизматининг дам олиш кунларида ҳам фаолият юритишини таъминлайдиган ва экспорт жўнатмаларидаги кечикишларга барҳам берадиган янги механизмни жорий этиш зарурлигини қўллаб-қувватлади.
Ушбу қарорнинг ижроси экспортчи корхоналар дуч келаётган тизимли муаммони бартараф этишга ва экспорт жараёнлари самарадорлигини оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Мулоқот якунлари бўйича вазирлик, идоралар, тижорат банклари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларига вилоят ишбилармонларини тизимли равишда қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни фаоллаштириш топширилди.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири