Бош қомусимизга бағишланган кўргазма очилди
Ўзбекистон Бадиий Академияси Икуо Хираяма Халқаро маданият карвон саройида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ўқитувчи ва талабаларининг “Оламни асрайлик!” мавзуидаги кўргазма ва давра суҳбати бўлиб ўтди.
Конституциямиз қабул қилинганининг 28 йиллигига бағишланган кўргазмада таълим, соғлиқни сақлаш, сув муаммолари, турли иллатлар ва коррупцияга қарши курашиш мавзусидаги 40 дан ортиқ плакатлар намойиш этилмоқда.
Жумладан, институт амалий графика факультети 24 талабасининг замонавий плакатлари ушбу кўргазмадан жой олган. Талабалардан Р.Раҳимбоев, К.Муҳитдинова, Ш.Шерматова, К.Абдулхаева ишидаги мазмун инсонларни атроф-муҳитни асраш, сув муаммоларига эътиборли бўлишга чақиради. Шунингдек, Ватан, саломатлик мавзулари, гиёҳвандлик иллати, Орол муаммоси ҳам талабалар эътиборидан қолмаган.
[gallery-331]
Давра суҳбатида Конституциямизнинг мазмун-моҳияти, айниқса, Бош қомусимизда ёшларнинг жамиятдаги ролини ошириш ва уларни муносиб кадрлар қилиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилгани ҳақида сўз юритилди.
Плакат жанри рассомчиликда анча йиллар олдин қўлланган. Давра суҳбатида ҳозир ушбу жанр қай даражада ривожлангани ҳақида талабаларга атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, тадбир давомида плакат жанри бўйича амалий машғулотлар ўтказилди.
Кўргазма жорий йилнинг 12 декабригача давом этади.
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА