Бош прокуратура: тадбиркорлар фаолиятидаги муаммоларни ҳал этишга амалий кўмак кўрсатилади
Бош прокуратурада тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш орқали фаолият юритишлари учун қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Мажлисда давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташрифи давомида тадбиркорлик субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид прокуратура органларига берилган топшириқлар ижросига алоҳида эътибор қаратилди.
Видеоселектор тарзида ўтказилган мазкур йиғилишда Президент Администрацияси масъул ходими, Бош прокуратура, Департамент ва Мажбурий ижро бюроси ҳамда ҳудудий прокуратура органларининг масъул ходимлари иштирок этди.
Бош прокурор Н.Йўлдошев тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш соҳасида сақланиб қолаётган тизимли муаммолар ҳамда йўл қўйилаётган хато-камчиликларга бирма-бир тўхталиб ўтди.
Тадбиркорлик субъектларининг турли сабабларга кўра фаолиятини вақтинча тўхтатгани ёки тугатгани мазкур йўналишда прокурор назоратини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатаётгани алоҳида таъкидланди.

Қолаверса, назорат-текширув идораларининг масъуллари зиммасига юклатилган вазифалар ижросини етарли даражада таъминламагани оқибатида йўл қўйилаётган айрим нуқсонларга тўлақонли барҳам берилмагани аниқ рақамлар ва мисоллар асосида кўрсатиб ўтилди.
Тадбир якунида тадбиркорлик фаолияти эркинлигига оид қонунлар ижроси устидан назоратни кучайтириш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш орқали амалий кўмак кўрсатиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, тегишли топшириқлар берилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА