Бош прокуратура: пахта йиғим-теримида қонун талабларига риоя этилиши таъминланади
Бош прокуратурада пахта йиғим-терими мавсумида қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш ҳамда ҳисоб-китобларни янги “клиринг” тизими асосида амалга ошириш масалаларига бағишланган амалий семинар ўтказилди.
Унда Бош прокуратура, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Товар-хомашё биржаси, “Агробанк”, Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси раҳбар ва ходимлари, шунингдек, мазкур ташкилотларнинг ҳудудий тузилмалари вакиллари иштирок этди.
Тадбирда 466 пахта қабул қилиш масканида пахта хом ашёсини нобудгарчиликка йўл қўймаган ҳолда, инсон омилини минималлаштириш орқали қабул қилишни ташкил этиш, шунингдек, “Ҳосил қабули” ахборот тизимидан фойдаланиш тартиб-таомиллари тушунтирилди.

Президентимизнинг 2026 йил 8 майдаги “Пахта ва буғдой етиштирувчиларни молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони асосида жорий қилинган фьючерс шартномаларига мувофиқ, етиштирувчилардан қабул қилинган пахта хом ашёси учун тўловларни биржанинг “клиринг” тизими орқали амалга ошириш тартиби юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.
Н.Абдураимова, ЎзА