Борлиқни бўстон айлаган шоир
Юртимизда февраль ойида икки буюк даҳо – Ҳазрат Мир Алишер Навоий ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд айёмлари кенг нишонланади. Шу муносабат билан Навоий вилоятида ҳам маънавий-маърифий, адабий-бадиий кечалар бўлиб ўтмоқда.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Навбаҳор туман бўлинмаси томонидан 14-сонли инглиз тили фани чуқурлаштириб ўқитиладиган ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 539 йиллиги муносабати билан “Борлиқни бўстон айлаган шоир” мавзусида тадбир ташкил этилди.

Тадбирда сўз олганлар улуғ аждодларимиз қолдирган бой маънавий меросни асраб-авайлаш ва уларни қунт билан ўқиб-ўрганиш муҳим эканлигини алоҳида қайд этиб, Бобур шеърияти мазмун-моҳияти ҳақида сўз юритди.
– Бобур ижодида ишқ-муҳаббат, севги-садоқат, висол ва ҳижрон мавзуси салмоқли ўрин тутади, – дейди мактаб директори Бобур Раҳимов. – У ўз асарлари орқали шахсий кечинмаларини жиддий умумлашма даражасига кўтара олди. Унинг шеърларида тарихий ҳодисалар, шоирнинг шахсий ҳаёти, атроф-муҳит, инсонга бўлган муносабат, дин, давр анъаналари ўзига хос усулларда баён қилинган. Бобурнинг шеърлари - шоирнинг таржимаи ҳоли, десак муболаға бўлмайди. Шунингдек, Бобур шеъриятида она Ватан мавзуси алоҳида ўрин эгаллаб, ватанига бўлган соғинч ва чексиз муҳаббати таъсирчан ифодаланган.

Тадбирда ўқувчи-ёшлар шоҳ ва шоирга бўлган ҳурмат ва эҳтиромларини ўзларининг бадиий чиқишларида намойиш этди.
Тадбир давомида фаол иштирок этган ўқувчиларга “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг эсдалик совғалари тақдим этилди.
А.Бўриев, ЎзА