Болажонлар саломатлиги йўлида ғамхўрлик
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Наманган вилоятида бир қатор ижтимоий соҳа объектлари ишга тушмоқда.
Жумладан, Давлатобод тумани Ирвадон маҳалласида жойлашган вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида неонатология бўлими учун барпо этилган 40 ўринли янги бино фойдаланишга топширилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Отабек Бозоров, Давлатобод тумани ҳокими Анваржон Тожимирзаев, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аброржон Алижонов янги бўлим жамоаси жажжи беморларни дарддан халос этиш, баркамол авлодни вояга етказишдек улуғвор мақсадлар учун хизмат қилишига умид билдирди.

Қайд этилганидек, илгари неонатологик хизмат кўрсатишда кўплаб қийинчиликлар, айниқса, бемор чақалоқларни соғломлаштириш учун алоҳида бўлим мавжуд эмаслиги сабабли муаммолар юзага чиқарди. Эндиликда тиббиётнинг мазкур йўналиши вилоят болалар шифохонасида алоҳида бўлим сифатида фаолият олиб боради.
Аввал 25 ўринли мослаштирилган бинода фаолият юритган бўлим энди махсус лойиҳа асосида қурилган икки қаватли замонавий бинога эга бўлди. Бино қурилишига 5,2 млрд сўм маблағ сарфланди.

Янги бўлимда инкубаторлар сони тўрттадан еттига, чақалоқлар учун иситкичли реанимация столлари тўрттадан саккизтага етказилди. Бўлимни замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш учун эса 1,7 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, чақалоқлар жарроҳлиги учун янги, тўлиқ жиҳозланган операция хонаси ташкил этилди. Илгари туғуруқхоналардан ва хонадонлардан келган чақалоқлар бир бўлимда жойлаштирилган бўлса, энди улар учун алоҳида жонлантириш бўлимлари ташкил этилди.

Рамзий лента қирқилгач, йиғилганлар янги тиббиёт маскани имкониятлари билан танишди. Биринчи қаватда чақалоқлар жарроҳлиги бўлими жойлашган. Юқори қават эса жажжи беморлар учун зарур тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозланган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.