Бўлажак Ватан ҳимоячилари шарафланди
Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ва 14-январь - Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Сурхондарё вилоятида учрашув, давра суҳбатлари, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги чақирилувчиларни ҳарбий техник мутахассисликлари бўйича тайёрлаш марказида “Ватаним менинг фахрим” мавзусида учрашув бўлиб ўтди.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди Сурхондарё вилоят бўлим бошқаруви ташкил этган тадбирда Ватанимиз хавфсизлиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги ва халқимиз осойишталигини таъминлашга қодир, ҳар тарафлама замонавий қуролланган миллий армиямиз шакллангани ҳақида фикр алмашилди. Тинч, фаровон ҳаётнинг юртимизни ижтимоий-иқтисодий юксалтиришдаги ўрни ва аҳамияти ҳақида сўз юритилди.

- Ўқув марказида конституциявий бурчини шараф билан бажаришга ҳозирлик кўраётган бўлажак Ватан ҳимоячиларининг замонавий қурол-аслаҳа ва техникаларни чуқур ўрганиши учун барча шароит яратилгани, уларнинг жисмонан тобланиб, маънавий соғлом камолга етаётганига ҳавасимиз келди, - дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлим бошқаруви масъул ходими О.Остонақулов.- Тингловчиларнинг теран фикри, Ватанга муҳаббати, садоқат ва жасорат туйғуси йигитлик бурчини шараф билан ўташга иштиёқмандлигини кенг намоён этганидан фахрландик. Дилдан суҳбат қуриб, байрам билан табрикладик. Буларнинг барчаси мамлакатимизда сўнгги йилларда илгари сурилган “Армия ва халқ – бир тану бир жон!” деган эзгу ғоянинг амалдаги ифодасидир.
Учрашув якунида тингловчиларга “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг байрам совғалари топширилди.
Холмўмин Маматраимов, ЎзА