Боланинг хавфсизлиги ва қадр-қиммати – устувор вазифа
Бола учун дунёдаги энг хавфсиз маскан, меҳр кўрган, қадри эъзозланган ва ўзини ҳимояланган ҳис қилган муҳитдир. Унинг қалбида қўрқув эмас ишонч, кўзларида ёш эмас қувонч бўлиши керак. Бироқ ҳаётда ҳамма болалар ҳам шундай муҳитда улғаймайди. Баъзан биргина қўпол сўз, таҳқир, тазйиқ ёки жисмоний зўравонлик бола руҳиятида ўчириб бўлмайдиган из қолдиради. Шу боис, болаларни ҳар қандай зўравонликдан асраш, уларнинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш фақат оиланинг эмас, балки бутун жамиятнинг масъулиятидир.
– Ўзбекистон Республикасининг жорий йил 14 октябрдаги “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни мамлакатимизда болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди, – дея фикрини бошлади “Маърифат” тарғиботчилар жамияти раиси Бахтиёр Ҳусанов. – Зеро, бола миллати, дини, тили, ирқи, келиб чиқиши ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, эъзозга, меҳр-муҳаббатга, ғамхўрликка ва ҳимояга муносиб бўлган бебаҳо инсон. Ер юзидаги барча болаларга ўз фарзандимиздек муносабатда бўлишимиз, уларнинг қалбини асрашимиз, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишимиз, ор-номуси ва қадр-қимматини эъзозлашимиз барчамизнинг инсонийлик бурчимиз.
Ҳар бир боланинг соғлом, хавфсиз ва бахтли муҳитда улғайиши, таълим олиши, ўз қобилиятларини эркин намоён этиши ҳамда келажакка ишонч билан қадам қўйиши жамият тараққиётининг муҳим шарти ҳисобланади. Шу боис болаларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ва бошқа ҳар қандай зўравонлик кўринишларига мутлақо муросасиз муносабатда бўлишимиз зарур.
Мазкур қонун мамлакатимиз ҳудудида истиқомат қилаётган барча болалар, уларнинг миллати, дини, тили ва келиб чиқишидан қатъи назар, давлатнинг мустаҳкам ҳимоясида эканини ифодаловчи муҳим ҳуқуқий кафолатдир. Бу эса ҳар бир боланинг ҳуқуқлари қонун билан ҳимояланиши, унинг хавфсизлиги ва шаъни эътиборда бўлиши, зўравонликка дуч келган болаларга зарур ёрдам кўрсатилиши учун янада мустаҳкам асос яратади.
Айниқса, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишда нафақат давлат органлари, балки ота-оналар, таълим муассасалари, маҳалла ва кенг жамоатчиликнинг ҳам масъулияти катта. Ҳар биримиз болаларнинг дардига бефарқ бўлмаслигимиз, уларнинг мурожаатларини тинглашимиз, ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслигимиз ва ҳимояга муҳтож болаларни қўллаб-қувватлашимиз лозим.
Дарҳақиқат, болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонунчилик ўзгаришлари ҳар бир фарзанднинг хавфсизлиги, шаъни ва қадр-қимматини таъминлаш йўлидаги муҳим қадамдир.
Марҳабо ҲОЖИАКБАРОВА,
ЎзА