Болаларнинг мактабгача таълимга қамрови ортмоқда
Қарор ва ижро
Ҳозир Пискент туманида 56 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритмоқда. Шундан 23 таси давлат, 1 таси хусусий, 2 таси давлат-хусусий шерикчилик асосида, яна 30 таси эса оилавий мактабгача таълим ташкилотларидир.


Хусусан, ҳудуддаги энг йирик мактабгача таълим муассасаларидан бири бўлган 6-сонли давлат боғчаси 1986 йилда барпо этилган бўлиб, 2024 йилда тўлиқ реконструкция қилинган эди. Президентимизнинг 2023 йил 25 декабрдаги “2024-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, мазкур боғчани замонавий кўринишда қайта қуриш учун 13 миллиард 600 миллион сўм маблағ ажратилди. Кенг кўламли бунёдкорликдан сўнг боғчанинг қуввати 280 дан 360 ўринга етказилди.
– Янгиланган мактабгача таълим ташкилоти барча замонавий талабларга жавоб беради, – дейди Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғининг ўринбосари М.Тожибоев. – Хоналар кенг ва ёруғ бўлиб, 12 та гуруҳ хонаси, замонавий ошхона, мусиқа ва спорт заллари ҳамда марказлашган иссиқлик тизими ва узлуксиз электр таъминоти билан таъминланган.


Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали очилиш маросимида вилоят ва туман ташкилотлари масъуллари, ҳудуд раҳбарлари, мактабгача таълим соҳаси мутахассислари, ота-оналар ва маҳаллий аҳоли иштирок этди. Янги инфратузилма мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга хизмат қилиши, тумандаги болалар учун янада қулай ва замонавий шароитларни яратиши таъкидланди.
Мазкур боғчанинг янгиланиши болаларни мактабгача таълимга бўлган эҳтиёжларини қондиришда муҳим омил бўлади.
А.Мусаев, ЎзА