Болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси йиғилишида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Болаларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган тизимли чораларга қарамай айрим ҳолатларда вояга етмаганларга нисбатан шаҳвоний шилқимлик билан боғлиқ ҳолатларни ҳуқуқий жиҳатдан тўғри таснифлаш ва уларга нисбатан самарали чора кўриш масаласи долзарблигича қолмоқда. Ҳатто буларнинг яшириш ҳолатлари ҳам учраяпти. Биргина охирги 3 йилда 44 та ҳолатда бундай жиноят яширилиб, маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида тақдим этилганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.
Қонун лойиҳаси билан вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этилган шаҳвоний шилқимлик ҳолатларини кўриб чиқиш ва уларга ҳуқуқий баҳо беришнинг аниқ тартибини белгилаш таклиф этилмоқда. Амалдаги тартибга кўра, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома бошқа ҳужжатлар ва иш бўйича далиллар билан бирга ҳуқуқбузарлик содир этилган ёки аниқланган пайтдан бошлаб уч суткадан кечиктирмай ишни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлган орган ёки мансабдор шахсга юборилади.
Таклиф этилаётган ўзгартиш билан эса вояга етмаган шахсга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41/¹-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда, ишни кўриб чиқишнинг алоҳида тартиби жорий этилмоқда. Хусусан, прокурорнинг қилмишда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги ҳақидаги қарори олинганидан сўнг, тегишли баённома ва ҳужжатларни бир кун ичида жиноят ишлари бўйича туман ёки шаҳар судига юбориш назарда тутилмоқда.
Фракция аъзоси Зиёдбек Юнусов таклиф этилаётган ўзгартишлар жиноят аломатлари мавжуд бўлган ҳолатларни маъмурий ҳуқуқбузарлик доирасида қолиб кетишининг олдини олишга, иш материалларини кўриб чиқишнинг аниқ тартибини белгилашга хизмат қилишини қайд этиб, бу болаларни тазйиқ ва зўравонликнинг турли шаклларидан ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий кафолатларини янада мустаҳкамлашини таъкидлади.
Қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг йиғилишида ҳам муҳокама қилиниб, Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлиси кун тартибига киритиш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди.
М.Комилова,
ЎзА