Болаларни зарарли контент ва ахборот хавфсизлигидан ҳимоя қилиш зарур
Термиз шаҳрида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси Сурхондарё ва Қашқадарё вилояти маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, оммавий ахборот воситалари, ноширлик-матбаа соҳаси ҳамда соҳага алоқадор ташкилотлар вакиллари учун “Ахборот маконида миллий қонунчилик талаблари, контент масъулияти ва болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишнинг долзарб масалалари” ҳудудлараро ўқув-семинари ташкил этди.
Унда сурхондарёликлар бевосита ва Қашқадарё вилояти вакиллари Zoom платформаси орқали онлайн иштирок этди.

Семинар очилишида Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси бошқарма бошлиғи Ғайрат Бозоров Zoom платформаси орқали қатнашиб, тадбирнинг асосий мақсади ва соҳада юз берган ўзгаришлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Ўқув машғулотини юксак савияда ўтказишга омад тилади.

Машғулот Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари, давлат тили бўйича маслаҳатчиси Муродбек Давлатовнинг “Болалар манфаатларини таъминлашда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг масъулияти ва хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш механизмлари” мавзуидаги маърузаси билан бошланди.

Қайд этилдики, ҳозирги глобаллашув даврида ахборот маконида миллий қонунчилик талабларига риоя этиш, контент тайёрлаш ва тарқатишдаги масъулият, болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш долзарб вазифалардан бирига айланди. Рақамли технологиялар ҳаётнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган бизнинг давримизда болалар интернет ва рақамли платформаларнинг энг фаол фойдаланувчиси бўлиб қолмоқда. Интернет улар учун таълим олиш, мулоқот қилиш ва ижодий салоҳиятни ривожлантириш имкониятларини яратса-да, зарарли ахборот, кибербуллинг, қимор ўйинлари тарғиботи, наркотик моддаларни оммалаштириш, порнографик материаллар, сохта ахборот ва сунъий интеллект ёрдамида яратилган deepfake материаллари каби янги ахборот хавфларини келтириб чиқармоқда.

Халқаро ташкилотлар маълумотларида дунёдаги интернет фойдаланувчиларининг қарийб учдан бир қисмини 18 ёшга тўлмаган болалар ташкил этаётгани кўрсатилган. Бу ҳолат болаларнинг рақамли муҳитдаги хавфсизлигини таъминлашга дунёда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида қаралаётганини намоён этмоқда. Эндиликда болаларнинг ахборот хавфсизлиги фақат интернетдаги зарарли материалларни чеклаш билан эмас, балки уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ахборотни танқидий баҳолаш кўникмасини шакллантириш ва масъулиятли ахборот муҳитини яратиш билан таъминланади. Бу муҳитни шакллантиришда ота-оналар ва таълим муассасалари билан бирга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ижтимоий ҳимоя ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва ахборот хизматларининг алоҳида ўрни бор.

Маълумотларга кўра, вилоятда 4 минг 479 нафар бола ижтимоий ҳимоя тизимида ҳисобда туради. Уларнинг 2 минг 891 нафарига васийлик, 1 минг 244 нафарига ҳомийлик, 54 нафарига патронат тарбия, 45 нафарига оилавий болалар уйларида тарбияланиш шакли белгиланган. Яна 245 нафар болага ҳамроҳлик хизмати кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида уларнинг ҳолати мониторингдан ўтказилган. Шунингдек, ота-она қарамоғисиз қолган 739 нафар болага васийлик ва ҳомийлик белгиланган.

– Бу рақамлар ортида болаларнинг ҳаёти, тақдири ва келажаги турибди, – дейди Муродбек Давлатов. – Шу боис асосий эътибор фақат ҳисоб юритиш ёки кўрсатилган ёрдам ҳажмига эмас, балки ҳар бир боланинг ҳаётида қандай ижобий ўзгариш юз бераётганига қаратилиши керак. Вилоятда бу борада амалга оширилаётган манзилли ишлар болалар ва ёшларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйиши учун қулай имконият яратмоқда. Лекин, бу ишлар самарадорлиги фақат ажратилган ёрдам ёки ишга жойлаштирилганлар сони билан чекланмаслиги лозим. Асосий мезон — боланинг ҳаётидаги реал ўзгариш, унинг хавфсизлиги, таълим олиши, касб эгаллаши ва келажакка ишонч билан қараши учун зарур шароит яратилгани билан ўлчаниши керак. Бу тамойил ахборот хавфсизлиги соҳасида ҳам муҳим. Чунки боланинг ижтимоий муаммосини ҳал этиш жараёнида унинг шахсий маълумотлари ошкор бўлиши, жамоатчилик эътибори туфайли босимга учраши ёки салбий тамғага дуч келиши мумкин. Шу боис ижтимоий ҳимоя ва ахборот хавфсизлигини бир-биридан ажратиб бўлмайди. Болани қўллаб-қувватлаш жараёни унинг ҳуқуқлари ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш билан бирга олиб борилиши зарур.

Семинар қатнашчилари Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекциясининг Сурхондарё ва Қашқадарё вилоят ҳудудий бўлимлари ахборот соҳасида мониторинг ва назорат бўйича бош мутахассиси Захриддин Тўраев ҳамда Усмон Нусуровнинг “Ҳудудий ахборот маконида қонунийликни таъминлашда ҳудудий инспекция ва ОАВ ҳамкорлиги”, “Қашқадарё вилояти ахборот маконида қонунийликни таъминлаш ва ОАВ билан ҳамкорлик тажрибаси”, “Сурхондарё вилояти телерадиоканали” давлат муассасаси директори Муҳиддин Жабборовнинг “Хавфсиз ахборот муҳитини яратишда ОАВ масъулияти” мавзуига бағишланган маърузалари билан танишди. Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси бўлим бошлиқлари Нигора Ходжаева, Аслиддин Жўраев ва Фахриддин Каримовнинг “Болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш: ҳуқуқий асослар, ёшга оид таснифлаш ва экспертиза масалалари”, “Оммавий ахборот воситаларида ноқонуний контентнинг олдини олишда ташкилий-ҳуқуқий асослар”, “Ахборот соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти” мавзуидаги маърузалари тингланди.

Таъкидландики, жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тадқиқотларига кўра, ўсмирларнинг 11 фоизида ижтимоий тармоқлардан муаммоли фойдаланиш белгилари кузатилган. Бу каби тенденциялар Ўзбекистон учун ҳам долзарб ҳисобланади. Миллий ахборот маконида 2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида ўтказилган мониторинг натижалари ахборот соҳасида давлат назоратини янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Жумладан, шу йилнинг биринчи ярмида ахборот соҳасида ўтказилган мониторинг чоғида қонунбузилишга сабаб бўлган 6 минг 77 та ҳолат аниқланди. Уларнинг 3 минг 652 таси “UZ” домени ҳудудидаги веб-сайтларда, 114 таси телерадио каналларда, 1 минг 347 таси ноширлик маҳсулотлари ва 964 таси газета - журналларда қайд этилди. Бундай қонунбузилишларнинг асосий қисми қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинлар, ахлоқсизлик ва беҳаёлик тарғиботи, алкоголь, тамаки маҳсулотлари ва наркотик моддалар рекламаси билан боғлиқ бўлгани кузатилди.

Бу рақамлар болаларни зарарли ахборотдан ҳимоя қилишда фақат ҳуқуқбузарликларни аниқлаш эмас, балки уларнинг олдини олиш механизмларини ҳам кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
– Болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, рақамли платформалар, таълим муассасалари, фуқаролик жамияти институтлари ва ота-оналарнинг ҳамкорлигини талаб этади, – дейди Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси бўлим бошлиғи Нигора Ходжаева. – Давлат назорати механизмларини замонавий рақамли технологиялар билан уйғунлаштириш, профилактик ёндашувларни кучайтириш, миллий қонунчиликни халқаро илғор амалиётлар асосида такомиллаштириш ҳам бу йўналишдаги устувор вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Семинар доирасида иштирокчилар ахборот соҳасидаги фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти, оммавий ахборот воситаларида ноқонуний контентнинг олдини олишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари, оммавий ахборот воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби, болалар учун хавфсиз ахборот муҳитини шакллантириш масалаларини атрофлича муҳокама этди. Кибермаконда қонунийликни таъминлаш, рақамли муҳитда болалар хавфсизлиги ва ахборот хавфларининг олдини олишга бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди. Семинар қатнашчиларининг саволларига жавоб берилди.

– Ўқув-семинар фойдали маълумот ва тавсияларга жуда бой бўлди, – дейди Денов туманидаги “Чағаниён” газетаси бош муҳаррири Феруза Тўраева. – Ахборот соҳасидаги миллий қонунчилик талаблари билан яқиндан танишдик. Болаларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш ва контент масъулияти ҳақида фойдали маълумотларга эга бўлдик.

Ўқув машғулоти якунида фаол иштирокчиларга махсус сертификат топширилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири