Болаларни боғчага қамраб олиш даражаси ошмоқда
Бухоро вилояти Ромитан тумани "Навбаҳор" маҳалласида 15-сонли мактабгача таълим ташкилоти иш бошлади.
Боғчанинг очилиш маросимида Ромитан тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров бошчилигидаги сектор раҳбарлари, туман ҳокими ўринбосарлари, туман мактабгача таълим бўлими ходимлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар, нуронийлар қатнашди.
Таъкидланишича, туманда мактабгача таълим ёшидаги болаларни боғчага қамраб олиш даражаси 72 фоиздан ошган. Бу вилоятдаги шаҳар ва туманлар орасидаги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Мазкур соҳада йил охиригача яна бир қатор лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
140 ўринга мўлжалланган таълим ташкилотига “Обод қишлоқ” Давлат дастури асосида маҳаллий бюджетдан 1 миллиард 321,7 миллион сўм маблағ ажратилди. “Ромитан Мегатранс Строй” МЧЖ қурувчилари томонидан капитал реконструкция қилинди. Шунингдек, жиҳозлаш ишлари учун 154 миллион 930 минг сўм маблағ сарфланди.
Тантанали тадбирда жорий йилнинг 21-22 февраль кунлари Taekwon-Do ITF бўйича ёшлар, ўсмирлар ва катталар ўртасида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида фахрли иккинчи ўринни эгаллаган Фирдавс Мухаммедов тақдирланди.
Зариф Комилов, ЎзА