Болалардек беғубор ва самимий санъаткор эди
У болаларча беғубор ва жуда самимий, камтарин, меҳнатсевар инсон эди. Шу сабабли умри давомида болалар учун ижод қилди. Ҳаётини болалар театр санъатидан айро тассаввур ҳам этмаган эди.
Таниқли санъаткор Ёдгора Зиёмуҳамедованинг саҳнадаги беғубор ижроси кўпларимизнинг болалик давримиздан театрга ошно бўлиб қолишимизга, театрга меҳр ва ихлос қўйишимизга сабаб бўлган, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ўзбекистон театр арбоблари уюшмаси хабарига кўра,Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, истеъдодли актриса Ёдгора Зиёмуҳамедова 74 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди.
Ёдгора Зиёмуҳамедова ўзининг 34 йилдан зиёд ижодий фаолияти давомида Ўзбекистон давлат ёш томошабинлар театрида самарали меҳнат қилиб, миллий театр санъати ривожига муносиб ҳисса қўшди. У саҳнада 100 га яқин турли характер ва тақдирга эга образларни катта маҳорат билан гавдалантирган санъаткорлардан бири эди.
Актрисанинг “Қизил шапкача” спектаклидаги Қизил шапкача, “Зумрад ва Қиммат”даги Қиммат, “Фарзандим жигарбандим”даги Санобар, “Сенинг тақдиринг”даги Назира, “Биринчи муаллим”даги Олтиной каби образлари томошабинлар қалбидан чуқур жой олган.
Ёдгора Зиёмуҳамедованинг театр санъатига бағишланган умр йўли, бетакрор ижодий мероси, саҳнадаги ёрқин образлари, санъатга бўлган фидойилиги ҳамкасблари ҳамда мухлислари хотирасида ҳамиша сақланиб қолади.
ЎзА
--0--