Болалар учун янги манзил
9 май – Хотира ва қадрлаш куни арафасида Жиззах вилоятининг Фориш туманида яна бир эзгу ташаббус ҳаётга татбиқ этилди. Ойбек маҳалласи ҳудудида замонавий “Дунё KIDS” болалар ўйин майдони фойдаланишга топширилди.
Фориш тумани ҳокими Соҳиб Исломов мажмуани рамзий тарзда очиб берди.Ушбу масканда болажонлар учун яратилган шароитларни синчиклаб кўздан кечириб, ўйингоҳнинг хавфсизлиги, замонавий ва ранг-баранг жиҳозлари ҳар жиҳатдан талабга жавоб беришини алоҳида таъкидлади. Бу эса ҳар бир ота-она қалбига хотиржамлик бағишлайди.

“Дунё KIDS” бу шунчаки ўйин майдони эмас, балки болаларнинг жисмоний фаоллиги ва ижодий тафаккурини уйғотувчи, хавфсизлик ва замонавийлик уйғунлашган муҳитдир. Турли аттракционлар, рангли ўйин қурилмалари ва қулай инфратузилма болаларнинг мазмунли дам олишига хизмат қилади.
Мазкур лойиҳа ижтимоий аҳамияти билан ҳам эътиборлидир. Мажмуа фаолияти йўлга қўйилиши натижасида Ойбек маҳалласида истиқомат қилувчи ўн нафарга яқин ишсиз ёшлар ва аёллар доимий иш ўринлари билан таъминланди. Эътиборлиси, уларнинг уч нафари ижтимоий реестрда рўйхатда турган фуқаролардир. Бу эса аҳоли бандлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларнинг амалий самарасидир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳоли фаровонлигини ошириш, айниқса, ёш авлод учун муносиб шарт-шароитлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармонида ҳам ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, болалар ва ёшлар учун замонавий шароитлар яратиш устувор вазифалар сифатида белгилаб берилган. Форишдаги ушбу мажмуа ана шу эзгу мақсадларнинг ҳаётдаги яна бир амалий ифодаси сифатида юрт тараққиётига хизмат қилмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири