Болалар тиббиёти: пневмококк инфекциясига қарши курашда замонавий тиббиёт ва глобал тажриба
Бугунги кунда болалар ўртасидаги юқумли касалликларнинг олдини олиш ва гўдаклар ўлими кўрсаткичларини камайтириш дунё миқёсида соғлиқни сақлаш тизимининг энг долзарб вазифаларидандир.
Бу борада, айниқса, 5 ёшгача бўлган болалар саломатлигига жиддий хавф туғдирувчи пневмококк инфекцияси алоҳида эътиборни талаб этмоқда. Ушбу хавфли инфекция Streptococcus pneumoniae (пневмококк) бактерияси томонидан чақирилади ва у асосан чақалоқлар, кичик ёшдаги болалар, кекса ёшдаги инсонлар ҳамда иммунитети пасайган шахсларда ўта оғир кечиши билан ажралиб туради. Замонавий тиббиётнинг кенг имкониятларига қарамай, бугунги кунда ушбу бактерия туфайли келиб чиқаётган асоратлар дунё соғлиқни сақлаш тизими учун энг йирик глобал муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Шифокорларнинг таъкидлашича, пневмококк бактерияси инсон нафас йўлларининг шиллиқ қаватида тинч ҳолатда яшаши мумкин ва айрим ҳолларда у ҳеч қандай аломат бермайди, бироқ организмнинг ҳимоя кучи пасайганда ёки грипп, ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) билан касаллангандан сўнг бактерия тўсатдан фаоллашиб, оғир асоратларни юзага келтиради. Касаллик ҳаво-томчи йўли орқали, яъни йўталиш, аксириш ёки бемор билан яқин мулоқотда бўлиш натижасида жуда тез юқади. Пневмококк инсон организмининг турли аъзоларини зарарлаш хусусиятига эга бўлиб, у зотилжам (пневмония), ўрта қулоқ яллиғланиши (отит), синусит, бронхит, менингит (бош мия пардасининг яллиғланиши), сепсис (қоннинг заҳарланиши) ва бошқа йирингли инфекцияларнинг асосий сабабчиси ҳисобланади. Мазкур касалликларнинг айримлари қисқа вақт ичида оғир асоратлар келтириб чиқариши, ҳатто ўлимга сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, менингит ва сепсис тезкор тиббий ёрдамни талаб қиладиган, ҳаёт учун тўғридан-тўғри хавф солувчи ҳолатлардир.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, пневмококк бактерияси барча зотилжам касалликларининг қарийб 70 фоизини, ўрта қулоқ яллиғланишларининг 25 фоизга яқинини, йирингли менингитларнинг 5–15 фоизини келтириб чиқаради. Ҳар йили дунё бўйича минглаб болалар айнан шу инфекция туфайли шифохоналарга ётқизилмоқда. Бу вазиятда ота-оналарнинг шифокор рецептисиз антибиотиклардан фойдаланиши энг катта муаммолардандир. Бундай нотўғри ёндашув бактерияларнинг дори воситаларига нисбатан чидамлилигини (резистентлик) ошириб юборади ва тиббиёт ходимлари учун даволаш жараёнини янада мураккаблаштиради. Пневмококк инфекциясининг 5 ёшгача бўлган болалар ўртасида кўп учраши уларнинг иммун тизими ҳали тўлиқ шаклланиб улгурмагани, болалар организми ушбу бактерияга қарши етарли миқдорда ҳимоя антитаначаларини ишлаб чиқара олмаслиги билан изоҳланади. Бундан ташқари, болалар боғчалари ва бошқа жамоаларда яқин мулоқотда бўлиш ҳам инфекциянинг занжирли тарзда тарқалишига замин яратади. Касаллик туфайли тана ҳароратининг кескин кўтарилиши, кучли ва тинимсиз йўтал, нафас олишнинг қийинлашиши, қулоқдаги кучли оғриқ ҳамда бош оғриғи каби белгилар кузатилганда болага тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш зарур.
Тиббиёт ривожланган бугунги даврда ушбу глобал муаммонинг энг самарали ва синалган ечими сифатида вакцинация тан олинган. Пневмококка қарши замонавий вакциналар дунёнинг етакчи давлатларида 30 йилдан ортиқ вақтдан буён муваффақиятли қўлланилиб келинмоқда ва уларнинг хавфсизлиги илмий жиҳатдан тўлиқ исботланган. Халқаро соғлиқни сақлаш тажрибаси шуни кўрсатадики, оммавий эмлаш натижасида болалар ўртасида пневмококк сабабли келиб чиқадиган зотилжам касаллиги 80 фоизгача камаяди, ОТИТ билан касалланиш эса қарийб учдан бир қисмга қисқаради. Энг муҳими, вакцинация шарофати билан жамиятда бактерия ташувчилик даражаси пасаяди, бу эса ҳатто эмланмаган болалар ва катталар ўртасида ҳам касалланиш кўрсаткичини занжирли тарзда камайтириб, билвосита жамоавий иммунитетни ҳосил қилади. Замонавий тиббиёт ютуқларидан бири шундаки, ҳаётининг дастлабки 6 ойлигида пневмококк инфекциясига қарши икки дозали бирламчи эмлаш курсини ўтаган болаларнинг 87 фоиздан 100 фоизигача бўлган қисмида касалликдан ишончли ҳимоя қилувчи кучли ва барқарор иммунитет шаклланади.
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси ахборот хизмати тақдим этган ушбу маълумотлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, пневмококк ўз вақтида олдини олиш мумкин бўлган, бироқ эътиборсиз қолдирилса, фожиали оқибатларга олиб келувчи хавфли касаллик. Миллий эмлаш календарига мувофиқ вакциналарни ўз вақтида олиш, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш ва касалликнинг илк белгилариданоқ шифокорга мурожаат этиш ҳар бир ота-онанинг масъулияти ҳисобланади. Эмлаш жараёнига жиддий ёндашиш фарзандларимизни хавфдан асрайди, шунингдек, соғлом авлодни вояга етказишга хизмат қилади.
Моҳигул Қосимова, ЎзА