Болалар оромгоҳларида фавқулодда вазиятларда тўғри ҳаракат қилиш тартиби ўргатилмоқда
Шу кунларда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан республикамиз бўйлаб ёнғинларнинг олдини олиш йўналишида “Долзарб 60 кун” профилактик тадбирлари ўтказилмоқда.
Мазкур ойлик доирасида аҳоли турар жойларида электр ва газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланишни назорат қилиш, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида профилактик тадбирларни кучайтириш, энергия таъминоти объектлари, бозорлар ва савдо комплексларида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш, ўта муҳим ва хавфли ишлаб чиқариш объектларида профилактик чораларни кучайтириш каби тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Махсус қутқарув батальони ходимлари томонидан ёзги болалар оромгоҳида дам олаётган болажонларга тўғри ҳаракат қилиш тартиби ўргатилди. Унда иштирокчиларга фавқулодда вазиятлар содир бўлганда тўғри ва тезкор ҳаракат қилиш тартиби, эвакуация қоидалари ҳамда бирламчи хавфсизлик кўникмалари тушунтирилмоқда.

Машғулотлар давомида болаларга турли фавқулодда вазиятларда саросимага тушмаслик, қутқарув хизматлари кўрсатмаларига қатъий амал қилиш, ўзини ва атрофдагиларни ҳимоя қилиш бўйича амалий тавсиялар берилди. Махсус техника ва жиҳозлар намойиш этилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА