Бокс: Странжа рингида Жафаров – Хижняк “дуэли”
Хабар берганимиздек, шу кунларда Болгариянинг София шаҳрида 73-бор ўтказилаётган Странжа халқаро турнири қизғин давом этмоқда.
Кеча 23 феврал кунги “жанг”ларда беш нафар боксчимиз София рингида чемпионлик сари одим қадам ташлади.
Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов 51 кг вазнда россиялик рақибини томошабинлар сафига кузатиб қўйди.
75 кг вазн тоифасида юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган Саиджамшид Жафаров швециялик рақибини мағлубиятга учратди.
Ҳарбийлар ўртасида жаҳон чемпиони Лазизбек Мулложонов +92 кг да яна бир россиялик чарм қўлқоп устасидан устун эканлигини намойиш қилиб, кейинги босқич йўлланмасини нақд қилди.
Фақат 57 кг вазн тоифасида Сетора Турдибекова ва 75 кг вазнли Мавлуда Мавлонова рақибаларига имкониятни бой бериб қўйишди.

Бугун 24 февраль куни халқаро турнирнинг навбатдаги саралаш жангларида ўзбекистонлик 7 нафар боксчи рингга кўтарилади.
Эътиборлиси, бугун жаҳон бокс ихлосмандлари турнирнинг энг қизиқарли ва шиддатли жангга гувоҳ бўлишади. Яъни, 75 кг вазнда ҳамюртимиз Саиджамшид Жафаров Токио олимпиадаси совриндори, украиналик Александр Хижняк билан рўбарў келади.
Хижняк-Жафаров “дуэли” нафақат мухлис ва мутахассислар, балки дунёдаги кўплаб спорт бет ўйинлари эътиборидаги жанг сифатида эътироф этилмоқда.
Шунингдек, ёш боксчиларимиздан Абдумалик Халаков, Мужибилло Турсунов, Жаҳонгир Раҳмонов, Одилжон Аслонов, Турсуной Раҳимов ва Соҳиба Рўзметова нуфузли мусобақанинг бугунги баҳсларида қатнашишади.
36 давлатнинг 450 нафарга яқин боксчиси иштирок этаётган Болгария баҳсларида эркаклар 13, аёллар 12 вазн тоифасида совринли ўринлар учун курашмоқда.
Ҳозирча ушбу мусобақада қатнашаётган ўзбекистонлик 13 нафар чарм қўлқоп усталаридан 4 таси саралаш босқичида баҳсларни якунлаган бўлса, 9 нафари ўз вазнларида финал сари дадил одимламоқда.
Эслатиб ўтамиз, София мусобақалари 28 февралга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА