Бокс: Чемпионат янги номларни кашф этди
Бир хафта мобайнида бокс бўйича давом этган Ўзбекистон чемпионатини кузатиш асносида мамлакатимиз жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида, жойлардаги мураббийларнинг меҳнати эвазига юзлаб иқтидорли спортчилар камолга етаётганлиги янада ойдинлашди.
Аҳамиятлиси, Ватанимизнинг спорт, хусусан бокс салоҳиятини жаҳон рингларида намойиш этган Руфат Рисқиев, олимпия ўйинларининг биринчи чемпиони Муҳаммадқодир Абдуллаев, дунё рингларини ўз вақтида ларзага келтирган Артур Григорян, Дилшод Ёрбеков, Наримон Атаев, Руслан Чагаев, Ўткирбек Хайдаров, Тўлқинбой Турғунов ва бугун жаҳон бокс оламида ўз ўрнига эга бўлган Хасанбой Дўсматов, Баҳодир Жалолов, Мурождон Аҳмадалиев каби ўнлаб чемпионларини кашф этган Ўзбекистон чемпионати янги истеъдодларни, юртимиз боксининг эртанги етакчиларини аниқлади.

Кеча, 14 декабрь куни ўз ниҳоясига етган мусобақаларнинг финал жанглари, ҳар бир вазндаги саралаш мусобақалари қайси адолат мезонлари ва ҳалоллик тамойили асосида ўтганлигини мутахассислар муҳокамасига қолдирган ҳолда айтиш лозимки, 13 та вазндаги финал жанглари дунё биринчиликларидагидек, техник ва тактик жиҳатдан ҳам, баҳсларни бошқариш ҳолатида ҳам рисоладагидек ўтказилди.

Боиси, маълум. Чемпионат мусобақаларини бошқариб борган хорижлик ҳакамлар тили билан айтганда чемпионат рингидаги ҳар бир учрашув дунё етакчилиги учун ўтган жангдек шиддаткор кечди.
Чемпионатнинг финал жанглари асносида ўнлаб талантлар кашф этилди. Миллий терма жамоамизга муносиб номзодларни аниқлаб берган ушбу мусобақага қизиқиш ҳар қачонгидан юқори бўлди.
Ўзбекистон бокс федерацияси жангларнинг адолатли ва шаффоф ўтишини таъминлаш мақсадида ушбу мусобақага хориждан 8 нафар АИБА таснифидаги ҳакамларни жалб қилди.
Эътиборли жиҳати, чемпионатнинг финал жангларида Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари ҳамда Сербияда ўтказилган жаҳон чемпионати иштирокчилари финал жангларида имкониятни бой беришди. Бунгача ҳам бир қатор номдор боксчиларимиз мағлубият аламини татиб кўришган эди.
Финал учрашувларининг барчаси муросасиз ўтганлигини таъкидлаб айтиш лозимки, кутилганидек 71 килограмм вазнда жаҳон чемпионати совридори, олимпия ўйинлари иштирокчиси Бобоусмон Ботуров билан қашқадарёлик ёш спортчи Азизбек Тожиев ҳамда 80 килограммда Дилшодбек Рўзметов ва Одилжон Асланов жанги ўтказилган финаллар орасида алоҳида ажралиб турди.
Айниқса, Азизбек Тожиев тажрибали Ботуровдан чемпионликни тортиб олиши, 3 раунд давомида ҳам ёш бўлишига қарамасдан ҳужумкор бокс намойиш қилганлиги кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлди. Мазкур учрашувнинг яна бир эътиборли жиҳати, Тожиев тимсолида бир пайтлари Ўзбекистон чемпионатида бор-йўқлиги билинмаган Қашқадарё бокси 2021 йилдан эътиборан юксалиш пиллапоясига кўтарилганлигини кўрсатди.
Шу ўринда, 2021 йил мобайнида Қашқадарё боксида катта ишлар амалга оширилганлигини таъкидламоқ лозим. Вилоят бокси раҳбарлигига ва мураббийлар кенгашига янги, ишчан кадрлар тайинланганлиги натижасида иш тизими жонланди. Ёш ва иқтидорли боксчиларни саралаш тизими яратилди. Мураббийларнинг боши бириктирилди. Қарши шаҳрида янги бокс мажмуаси фойдаланишга топширилди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида Азизбек Тожиев каби истеъдодлар бўй кўрсата бошлади.
Чемпионатда 80 кг. оғирликда Бухоро бокс мактаби тарбияланувчиси Одилжон Асланов жаҳон чемпионати совриндори ва олимпия ўйинлари қатнашчиси Дилшодбек Рўзметовга рақибни менсимаслик қанчалик ёмон оқибатларга олиб келишини кўрсатди ва ҳақиқий маънода “сабоқ” берди.
Финал жангларида шунингдек, Асилбек Жалилов (48), Мироншох Ибрагимов (51), Дилшод Абдувалиев (54), Шунқор Абдурасулов (57), Хуршидбек Расулжонов (60), Руслан Абдуллаев (63,5), Жавлонбек Йўлдошев (67), Саиджамшид Жафаров (75), Тимур Миржанов (86), Жамшид Абдуллаев (92) ва Жаҳонгир Зокиров (+92) Ўзбекистон чемпионлигига эришди.
Мусобақалар давомида анъанага биноан, чемпионатнинг энг яхши боксчисига Руфат Рисқиев кубоги топширилди. Маълумки, икки йил муқаддам ушбу кубокка ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Абдумалик Халаков, ўтган йили жаҳон чемпиони, олимпия ўйинлари иштирокчиси Миразизбек Мирзахалилов сазовор бўлган эди.
Бу сафар чемпионат мобайнидаги ажойиб жанглари ҳамда техник ва тактик усуллари билан ўз иқтидорини намойиш қилган Тошкент вилояти вакили Руслан Абдуллаев ҳақли равишда Руфат Рисқиев кубоги соҳибига айланди.
Мамлаккат чемпионлигига эришган ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони Нигина Ўктамова Ўзбекистон чемпионатининг аёллар ўртасидаги энг яхши боксчиси деб топилди.
Чемпионатнинг ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланди.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА мухбири