Бокс бўйича Олимпиада саралаш тизими тасдиқланди
Халқаро олимпия қўмитаси 2028 йил Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган Олимпия ўйинлари учун бокс бўйича саралаш тизимини расман тасдиқлади. Мазкур тизим “World Boxing” ташкилоти томонидан тақдим этилди.
Расмий маълумотларга кўра, Олимпия ўйинлари тарихида илк бор бокс мусобақаларида тўлиқ гендер тенглиги таъминланади. Яъни, эркаклар ва аёллар ўртасида еттитадан вазн тоифасида медаллар учун кураш олиб борилади. Умумий иштирокчилар сони 248 нафарни ташкил этади. Улардан 124 нафари эркаклар, яна 124 нафари аёллар.

Тасдиқланган саралаш тизими бир нечта босқичдан иборат бўлиб, боксчилар Олимпиада лицензиялари учун учта жаҳон квалификация турнири ҳамда бешта қитъа мусобақасида иштирок этиш имкониятига эга бўлади.
Саралаш жараёнига 2027 йил Қозоғистонда ўтказиладиган “World Boxing” жаҳон чемпионати орқали старт берилади. Кейинчалик 2027 ва 2028 йиллар давомида қитъавий мусобақалар ташкил этилади. Саралаш босқичи эса 2028 йилда ўтадиган иккита жаҳон квалификация турнири билан якунланади.
Шунингдек, “World Boxing” яқин вақт ичида мусобақаларни қабул қилиш бўйича аризалар йиғишни бошлайди. Ташкилот Олимпиада саралаш баҳслари ҳамда Лос-Анжелес Олимпиадасидаги бокс мусобақаларини ташкил этиш ва назорат қилиш учун масъул этиб тайинланади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА