Бўка тажрибаси халқаро экспертлар эътиборида
Пойтахтимизда ўтказилаётган халқаро форумлар доирасида Халқаро пахта маслаҳат қўмитаси, FAO, JST, UNIDO, UNCTAD ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар Бўка туманида бўлиб, ҳудудда пахтачиликни ривожлантириш борасида тўпланган илғор тажриба билан танишди.
Халқаро делегация вакилларини Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Х. Қорабоев, Бўка тумани ҳокими М. Абдазимов, вилоят Фермерлар кенгаши раиси Ш. Дўстбеков, туман ИИБ бошлиғи А. Ғуломов ҳамда “Агрохизматлар маркази” (AKIS) вакиллари бошчилигидаги масъуллар кутиб олди.
Дастлаб мутахассислар ҳудудидаги “Ёш Суннатилла” ва “Азизова Шоҳида” фермер хўжаликларининг пахта майдонларида бўлди. Бу ерда Хитойнинг “Shin Lu Zong 87” ва Испаниянинг “Novella” навлари асосида етиштирилган пахта ҳосили, уларни парваришлаш жараёни ҳамда қўлланилаётган агротехнологиялар билан танишилди.

Мутахассислар хорижий меҳмонларга мазкур навларнинг ўзига хос хусусиятлари, етиштириш агротехникаси, парваришлаш усуллари ва ҳосилдорлик кўрсаткичлари ҳақида батафсил маълумот берди. Экспертлар фермерлар билан бевосита мулоқот қилиб, пахтачилик амалиётига оид саволларига жавоб олди.
Ташрифнинг амалий аҳамиятини оширган жиҳатлардан бири замонавий пахта териш комбайни иш жараёнининг намойиши бўлди. Делегация вакиллари ҳосилни механизациялашган усулда йиғиб олиш жараёнини кузатиб, замонавий техниканинг имкониятлари ва унинг меҳнат самарадорлигини оширишдаги аҳамияти билан танишди.

Шундан сўнг халқаро делегация Навоий ҳудудидаги “Хуррам Рустам” фермер хўжалигининг пахта майдонига борди. Меҳмонларга пахтани плёнка остида етиштириш технологияси, уни қўллаш тартиби, экинларни парваришлашнинг ўзига хос жиҳатлари ва мазкур усулнинг ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишдаги аҳамияти тушунтирилди.

Бўка туманидаги ушбу тажрибалар пахтачиликда хорижий селекция навларини синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий этиш, замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш ҳамда ҳосилдорликни ошириш борасидаги изланишларнинг амалий ифодасидир.
Халқаро экспертларнинг ҳудуддаги пахтачилик тажрибаси билан танишуви маҳаллий фермерларнинг амалий билим ва кўникмаларини халқаро тажриба билан уйғунлаштириш, илғор технологияларга бўлган қизиқишни ошириш ҳамда соҳадаги ҳамкорлик имкониятларини кенгайтириш нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади.
А.Мусаев,ЎзА