Боғларда заруркунандаларга қарши курашилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Заминимизда етиштирилаётган мева ва сабзавотларнинг экспорт бозорини янада кенгайтириш ҳамда мавжуд бозорлар ўрнини мустаҳкамлашга доимий эътибор қаратиш бугуннинг талаби. Бу жараёнда мева-сабзавотларнинг сифати ва экспортига таъсир қилиши мумкин бўлган зарарли организмларга қарши вақтида курашиш лозим.
Айни мақсадда Ўзбекистон Республикаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги томонидан республикамизда етиштирилаётган уруғ ҳамда данакли мева боғларга жиддий зарар етказиб, экспорт ҳажмига салбий таъсир этиши мумкин бўлган зараркунандалар – “Гилос пашшаси”, “Шарқ мевахўри”, “Олма мевахўри”га қарши оммавий курашишга қаратилган “Долзарб ўн беш кунлик” тадбирлари ўтказилмоқда.
[gallery-6808]
11 апрелдан 27 апрелга қадар давом этувчи ушбу тадбирлар Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси томонидан ҳам изчиллик билан амалга оширилмоқда.
Хусусан, юқорида санаб ўтилган зараркунандаларнинг боғларда тарқалишига йўл қўймаслик, унинг зарари, меваларнинг экспортбоплигига салбий таъсири каби ҳолатларнинг олдини олиш учун муҳим чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Ҳозирда бошқарма томонидан вилоятда жами 43 минг 301 гектар мевали боғ рўйхатга олинган. Уларнинг 8 минг 373 гектарини олма, 1 минг 748 гектарини гилос, 12 минг 942 гектарини ўрик, 7 минг 827 гектарини шафтоли, 435 гектарини беҳи, 215 гектарини хурмо, 869 гектарини бодом, 895 гектарини нок, 675 гектарини анор, 1 минг 742 гектарини олхўри боғлар, 1 минг 375 гектар узумзорлар, шунингдек, 4 минг 235 гектарини аралаш турдаги ҳосил бераётган мевали боғлар ташкил этади.
Экспорт ҳажмига салбий таъсир этиши мумкин бўлган заруркунандаларга қарши долзарб кураш тадбирлари давомида уруғ ҳамда данакли мева боғларидаги фитосанитар назорат тадбирлари кучайтирилган. Боғларга феромон тутқичлар ўрнатилиб, улар назоратга олинган. Ҳозирги кунда гилос боғларда гилос пашшаси тарқалишининг олдини олиш ва хавфни таҳлил қилиш учун бошқарма томонидан 140 дона феромон тутқичлар ўрнатилиб, уларнинг мониторинги ҳудуд инспекторлари томонидан олиб борилмоқда. “Шарқ мевахўри”, “Олма мевахўри” зарарли организмлари мониторинги учун феромон тутқичлар мевали боғларга ўрнатилмоқда.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат),ЎзА