Боғчадан бошланган янги тажриба
Боланинг келажаги унинг илк қизиқиши ва мустақил ҳаракатида намоён бўлади. Шу боис мактабгача таълимда “Болани нимага ўргатиш керак?” деган савол билан бирга “Боланинг ўзи нимани кашф этиши учун қандай муҳит яратишимиз керак?” деган савол ҳам тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жиззах шаҳридаги 12-сон давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган “Ўзбекистон — менинг Ватаним!” шиори остидаги “Салом, боғча!” тадбири ана шу янгича ёндашувнинг амалдаги кўринишларидан бири бўлди. Байрамона тадбирда болажонлар билан бирга педагоглар, ота-оналар, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этди.


180 ўринга мўлжалланган 12-сон ДМТТда олти гуруҳ фаолият юритади. Муассасада таълим-тарбия жараёни “Илк қадам” давлат ўқув дастури асосида ташкил этилиб, ўйинга асосланган таълим, ривожланиш марказлари ва касбларга қизиқтириш элементларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
— Биз учун боланинг фақат тайёр билимни ўзлаштириши эмас, балки мустақил изланиши, танлаши ва ўз қобилиятини намоён этиши муҳим, — дейди ДМТТ директори Мамлакат Эрматова. — Шунинг учун ривожланиш марказларида болага эркин фаолият қилиш, турли йўналишларни синаб кўриш ва тенгдошлари билан ҳамкорлик қилиш имконини яратишга ҳаракат қиляпмиз. Касбга қизиқтириш ҳам мажбурий танлов эмас, балки боланинг табиий қизиқиши ва қобилиятини илк ёшдан илғаб олиш воситаси сифатида қаралмоқда.

Бу ёндашув бугунги давлат сиёсати билан ҳамоҳанг. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Мактабгача таълим ва тарбия тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида мактабгача таълим тизимини илғор хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш, ўйинга асосланган таълимни жорий этиш, “Бола, ўйин ва педагог” лойиҳасини амалга ошириш ва бу йўналишда янги методикани тажриба-синовдан ўтказиш вазифалари белгиланган. Ҳужжатда 2026–2028 йилларда “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилотларини барпо этиш ҳам кўзда тутилган.
Демак, Жиззах шаҳридаги 12-сон ДМТТда йўлга қўйилаётган тажриба муайян бир муассасанинг ташаббуси сифатидагина эмас, балки мамлакат мактабгача таълим тизими олдида турган янги вазифалар билан уйғун амалий тажриба сифатида ҳам аҳамиятли.

Айниқса, бу ерда Хитой тажрибасининг болани ўйин орқали ривожлантириш, унинг қизиқиши ва қобилиятини эрта аниқлаш, жамоада ишлашга ўргатиш ҳамда турли касбларга қизиқтириш каби жиҳатларига эътибор қаратилмоқда.
Бу борада республикада эътиборга молик тажриба аллақачон шаклланган. Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги 14-сон ДМТТда Хитой тажрибаси асосида таълим-тарбия жараёнида ўйин усулларидан кенг фойдаланиш, болаларнинг ижодий қобилиятини ривожлантириш, жамоада ишлаш ва касбларга қизиқтириш йўлга қўйилган. Робототехника, тикувчилик, пазандалик, қурилиш, деҳқончилик ва дизайнерлик каби йўналишлар орқали болаларда меҳнатга қизиқиш уйғотилмоқда. Бу тажриба кейинчалик бошқа ҳудудлар мутахассислари томонидан ҳам ўрганила бошланган.

12-сон ДМТТ тажрибасининг эътиборли жиҳати шундаки, хорижий тажриба миллий таълим мазмуни билан уйғунлаштирилмоқда. Бола ривожланиш марказига киргач, фақат тарбиячининг кўрсатмасини бажарувчи эмас, балки фаол иштирокчига айланади: Педагог эса бола учун тайёр жавоб берувчи эмас, уни кашфиёт сари етакловчи шахс сифатида намоён бўлади.
— Энг муҳими, биз болага “Сен келажакда ким бўласан?” деб талаб қилмаймиз. Аввало, унинг нималарга қизиқиши, нимани завқ билан бажариши ва қайси фаолиятда ўзини эркин ҳис қилишини кузатамиз, — дейди Мамлакат Эрматова. — Агар бола бугун қурилиш ўйинида ўзини меъмор сифатида ҳис қилса, эртага техникага қизиқса ёки робототехникада ўз қобилиятини намоён этса, бу унинг келажак салоҳиятини англаш учун муҳим сигналдир.

Аслида, ўйин — боланинг тили. У ўйинда нафақат қувонади, балки фикрлайди, қарор қабул қилади, келишади, баҳслашади, масъулиятни ҳис қилади. Шунинг учун ўйинга асосланган таълимни оддий кўнгилочар машғулот сифатида эмас, боланинг интеллектуал, ижодий, жисмоний ва ижтимоий ривожланишини таъминлайдиган педагогик восита сифатида баҳолаш керак.
Масаланинг яна бир муҳим томони — оила ва маҳалланинг таълим жараёнидаги иштироки. “Салом, боғча!” тадбирида ота-оналар, “Ўратепалик” маҳалла фуқаролар йиғини ва нуронийларнинг иштирок этгани бола тарбиясида боғча, оила ва маҳалла ҳамкорлиги қанчалик муҳим эканини яна бир бор кўрсатди.
Эндиликда асосий вазифа Жиззахдаги 12-сон ДМТТ сингари муассасаларда шаклланаётган самарали тажрибаларни ўрганиш, уларнинг натижадорлигини баҳолаш ва энг яхши жиҳатларини республика миқёсида оммалаштиришдир. Хитой тажрибасининг қиммати ҳам шунда: у болани эрта ёшдан “касб танлаш”га эмас, ўз имкониятларини англашга, меҳнатни қадрлашга, жамоада ишлашга ва мустақил қарор қабул қилишга тайёрлайди. Агар бу ёндашув миллий қадриятларимиз ва “Илк қадам” дастури билан тўғри уйғунлаштирилса, у алоҳида боғчанинг тажрибаси бўлиб қолмай, республикада мактабгача таълим сифатини янги босқичга олиб чиқувчи самарали моделга айланиши мумкин.

Тадбир якунида педагогларнинг муносиб рағбатлантирилиши, болажонларнинг Ватан ҳақидаги қўшиқларни биргаликда куйлаши эса бир ҳақиқатни яна бир бор намоён этди: замонавий таълим ва миллий тарбия бир-бирини бойитади, тўлдиради.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири