Бобуршуносликка оид китоблар тақдимоти бўлиб ўтди
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан “Бобурнома”нинг қирғизча таржимаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига кўра чоп этилган “Бобур асарлари луғати” ва “Туркий бобуршунослик” китобларининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Тадбирда адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, таржимон ва муҳаррирлар, тадқиқотчи ёшлар ва журналистлар, Қирғизистон элчихонаси вакиллари, онлайн тарзда юртимиз ва хорижий мамлакатлардан бир қанча олим ва мутахассислар иштирок этди.
Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева буюк аждодларимизнинг бой меросини ўрганиш, китобхонлик маданиятини кучайтириш бўйича кўплаб маърифий лойиҳалар фаол амалга оширилаётганини эътироф этди.

Тадбирда “Бобурнома” асари дунёдаги 20 дан ортиқ тилда, 40 дан зиёд вариантда мавжуд эканлиги, асар туркий тиллардан турк, озарбайжон, уйғур ва қозоқ тилларига таржима қилингани, “Бобурнома”нинг қирғиз тилидаги ушбу таржимаси қирғизистонлик бобуршунос олима, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Хосият Бекмирзаева томонидан амалга оширилгани эътироф этилди.
Қирғизистоннинг “Улу тоолор” нашриёти томонидан чоп этилган ушбу таржимага бир гуруҳ қирғиз ва ўзбек олимлари муҳаррирлик қилган. Хусусан, олим ва журналист Тўланбой Қурбанов, қирғиз ёзувчиси Абибилла Пазилов адабий таҳрир ишларини бажарган.

Китобга Қирғиз Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Қирғиз Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги “Мирас” жамғармаси бошқаруви раиси, тарих фанлари номзоди, профессор Кияс Молдоқосимов, қардош юрт Миллий фанлар академиясининг академиги, А.Алтмишбаев номидаги Фалсафа институти директори, фалсафа фанлари доктори, профессор Нур Саралаев, шунингдек, мазкур институт бўлим бошлиғи, филология фанлари номзоди, тарих фанлари доктори, профессор Сулайман Қайипов илмий тақризчи сифатида қатнашган.
“Бобурнома” асарининг қирғизча таржимасига Қирғиз Халқ ёзувчиси, ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев кириш сўзи ёзган. Таржиманинг нашрдан чиқишида филология фанлари доктори, бобуршунос олим Шуҳрат Ҳайитов масъул муҳаррирлик вазифасини бажарган ҳамда таржимадан ўрин олган Бобур ҳаёти ва фаолиятига оид муҳим илмий-тарихий маълумотлар бўлимини ёзган.
Таржима таҳрири жараёнида Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, филология фанлари доктори Шуҳрат Сирожиддинов, Бобур номидаги халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов, адабиётшунос олим ва таржимон Зуҳриддин Исомиддинов, филология фанлари доктори, профессор Мақсуд Асадов ва доцент Дилафруз Муҳаммадиева ҳам иштирок этгани таъкидланди.

Тадбирда филология фанлари доктори, бобуршунос Шуҳрат Ҳайитовнинг “Туркий бобуршунослик” монографиясида Бобур ижоди юзасидан хориждаги, хусусан, туркий халқлар адабиётшунослигидаги манбалар тадқиқ этилиб, уларнинг аҳамияти очиб берилгани айтилди.
Китобда Бобур ижодининг туркий дунё адабиётида ўрганилиш даври ва тадрижий такомил босқичлари текширилиб, адиб асарларининг қўлёзмалари ҳамда таржималарига оид илмий ва назарий хулосалар чиқарилгани, шу асосида шоир ҳаёти ва ижодининг ўрганилиш тарихи, унинг тадрижий босқичлари ҳамда асарлари бадиий таржимасига оид ишлар таҳлил этилгани таъкидланди. Монографияда “Бобурнома”, “Бобур девони”, “Мубаййин”, “Хатти Бобурий”, “Аруз рисоласи” ҳамда “Рисолайи волидийя” асарларининг туркий тиллардаги таржималари ва улар юзасидан олиб борилган тадқиқотлар таҳлили амалга оширилиб, қиёслаш орқали ҳар бир таржиманинг ютуқ ва камчиликлари кўрсатилгани эътироф этилди.
Тадбир сўнгида миллий кутубхонага китоблар совға қилинди.
Н.Усмонова, ЎзА