Бобур ҳаёти ва ижоди ёд этилди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Бухоро давлат университетида буюк шоир, давлат арбоби ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 543 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Тадбирда Бобурнинг ўзбек мумтоз адабиёти, миллий давлатчилик ва жаҳон маданияти тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Унинг сермазмун ва ибратли ҳаёт йўли, мураккаб тақдири, сиёсий фаолияти ҳамда бой адабий мероси ҳақида мазмунли маърузалар тингланди. Хусусан, “Бобурнома” асарининг тарихий ва бадиий аҳамияти, шоир ғазал ва рубоийларида акс этган Ватанга муҳаббат, садоқат, мардлик ва инсонпарварлик ғоялари кенг ёритилди.
Шунингдек, талабалар томонидан тайёрланган адабий-бадиий чиқишлар, саҳна кўринишлари ҳамда мусиқий дастурлар намойиш этилди. Бобур ғазаллари ифодали ўқилди, рубоийлари мусиқий жўрликда ижро этилди. Саҳна кўринишлари орқали унинг ёшлик йиллари, илмга бўлган интилиши ва Ватан йўлидаги жасорати таъсирчан тарзда намоён этилди.
[gallery-27678]
Мазкур тадбир университетда олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар доирасида талаба-ёшларнинг миллий ўзликни англаш, тарихий меросимизга ҳурмат ва маънавий қадриятларга садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА