Боғибаландда анжир сайли
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали арафасида Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласида анжир сайли ўтказилди.
“Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали арафасида Самарқанд шаҳридаги Боғибаланд маҳалласида анжир сайли ўтказилди.
Анжирни жаннат меваси, дейишади. Оч сариқ ёки сиёҳранг тусли бу мева таркиби фойдали элементларга бойлиги билан бошқа мевалардан ажралиб туради. Анжир инсонга саломатлик, гўзаллик ва ёшлик бахш этади. Тарихан Амир Темур боғларига мансуб Боғибаланд анжирзорларидаги дарахтлар бир неча юз йилдан буён мева бериб келиши айтилади.
Мутахассисларнинг фикрича, кўчати шу ердан олиб борилиб, Самарқанднинг бошқа ҳудудларида экилганида ҳам мева Боғибаланддагичалик хуштаъм бўлмас экан. Бу балки ушбу анжирзорларнинг Чўпонота тепаликлари ён бағрида жойлашгани ва Зарафшон дарёсига яқинлиги билан боғлиқдир.

Манбаларда Боғибаланд анжирзорлари тарихи бир неча асрларга бориб тақалиши қайд қилинган. Жумладан, "Бобурнома"да мазкур ҳудудда Амир Темурнинг суюкли набираси, Мироншоҳнинг қизи Оқабегимга атаб “Боғибаланд” боғи барпо этилгани ва унда тўкин анжирзорлар борлиги ёзилган.
Айни пайтда ҳуддудаги 4 фермер хўжалиги 40 гектар анжирзорда мўл ҳосил етиштирмоқда.
Сайилда ушбу фермер хўжаликлари ва Боғибаланддаги хонадонларида пишиб етиган анжирлар кўргазмаси намойиш этилди. Маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар жаннат мевасидан татиб кўрдилар.
Эслатиб ўтамиз, бу йил “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали иштирокчилариннг саёҳат дастурига илк бор Боғибаланд анжирзорлари ҳам киритилган.




