БНҚЗ: камчилик ва муаммолар бартараф этилди
“Ўзбекнефтгаз” АЖ ишчи гуруҳи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида ишлаб чиқариш кўрсаткичларининг бажарилиши, модернизация ишлари ҳолатини қайта ишлаш корхоналари фаолияти мисолида ўрганди.
Дастлаб, Қоровулбозор шаҳридаги қуйиш-тўкиш эстакадасидаги реконструкция ишлари билан танишилди. Ўрганиш давомида заводда маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш ва жўнатиш имкониятларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Майдончада қуйиш-тўкиш эстакадасининг металл конструкциялари, очиқ насос станциясининг монтаж ишлари бўйича кўрсатмалар берилди.
Айни пайтда заводда умумий майдони 15,75 гектарни ташкил қилувчи қуйиш-тўкиш эстакадасини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда. Фойдаланилмаётган сиғимлар демонтаж қилиниб, технологик қувурлар ўрнатилмоқда. Шунингдек, майдонда сиғимлар парки, объект инфратузилмаси, кўпикли ёнғин ўчириш тизимини қуриш, қайта тиклаш, темир йўл рельсларини ётқизиш ишлари олиб борилмоқда. Aйтиш жоизки, ишларнинг катта қисми завод мутахассислари ҳамда ишчи-ходимлари томонидан амалга оширилмоқда.

Маълумот учун, қуйиш-тўкиш эстакадаси хом-ашёни қабул қилиш, сақлаш ва тайёр маҳсулотларни жўнатишга мўлжалланган. Шу билан бирга, бу ерда цистерна ва автоцистерналардан қуйиш-тўкиш бўйича ишлар амалга оширилади.
Заводда сиғимлар паркини кенгайтириш лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан мазкур лойиҳа билан боғлиқ муаммоли масалаларни ҳам муҳокама қилинди. Объектларни ўз вақтида топшириш бўйича кўрсатмалар берилди.
Мазкур лойиҳани амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида 250 дан ортиқ нефть ва газ соҳаси мутахассислари жалб этилган ҳолда тезкор штаб тузилди. Барча ишлар хавфсизлик қоидалари ва ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 июлдаги 158-сонли баённомасида белгиланган топшириқларни бажариш мақсадида истеъмолчиларни сифатли маҳсулотлар билан барқарор таъминлаш, нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, зарур захираларни шакллантириш бўйича вазифалар белгиланди. Хусусан, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида синтетик GTL нафтасини автомобиль бензини ишлаб чиқаришга жалб этиш бўйича ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь-июль ойларида Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида жами 900 минг тонна углеводород хомашёси қайта ишланди. Белгиланган режа 103,2 фоизга бажарилди. Натижада, қайд этилган даврда 542,8 минг тонна автобензин, 153,4 минг тонна дизель ёнилғиси ишлаб чиқарилди.
Энг эътиборлиси шундаки, республика товар хом ашё биржаси савдолари натижалари билан жорий январь-июль ойларида республика истеъмолчиларига сотилган жами автобензиннинг 70-80 фоизи ва дизель ёнилғисининг 40-50 фоизи Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳиссасига тўғри келади.
Бундан ташқари, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи томонидан углеводород хом ашёсини қайта ишлашда “Uzbekistan GTL” заводида ишлаб чиқарилаётган GTL нафта хомашёсини қайта ишлашга жалб қилиш орқали автобензин ишлаб чиқариш миқдори ошмоқда.
Зариф Комилов,ЎзА