БМТ: АҚШнинг денгиздаги зарбалари инсониятга қарши жиноятдир
БМТ инсон ҳуқуқи ва террорга қарши кураш бўйича махсус маърузачиси Бен Саул эълон қилган ҳисоботга кўра, АҚШнинг Кариб денгизи ва Тинч океанида гиёҳванд моддалар контрабандасида гумон қилинган кемаларга уюштирган ҳужумлари халқаро ҳуқуқни бузади ҳамда инсониятга қарши жиноят сифатида баҳоланиши мумкин. Ҳужжатда Америка ҳарбийлари 2025 йил сентябридан буён халқаро сув ҳудудида 68 кемага зарба бериб, камида 223 кишининг ўлимига сабаб бўлгани келтирилган.
Бу ҳақда “Al Jazeera” хабар берди.
Вашингтон ушбу амалиётларни “наркотеррорчилар”дан ҳимояланиш сифатида оқлашга уринаётган бўлса-да, БМТ эксперти бу важларни рад этди. Бен Саул таъкидлашича, АҚШ куч ишлатмасдан, кемаларни тўхтатиш ва тутиш каби муқобил йўллардан фойдаланиши мумкин эди. Ўлимга олиб келувчи, яқин атрофдаги бевосита хавфсизлик таҳдидига қарши охирги чора ҳисобланмайдиган бундай ҳужумлар Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқ тўғрисидаги халқаро пактга зид. Ҳисоботда мазкур тизимли ва кенг кўламли ҳаракат инсониятга қарши жиноят белгиси экани қайд этилиб, АҚШ раҳбариятидан ҳодисани суриштириш, айбдорларни жавобгарликка тортиш ва жабрланувчилар оилаларига товон пули тўлаш талаб қилинган.
Шунингдек, эксперт ушбу ҳарбий амалиётнинг самарадорлигини ҳам сўроқ остига олди. Зарбалар мамлакатга гиёҳванд моддалар оқимини камайтирмаган, фентанил ёки опиоидлар муаммосини ҳал этмаган, чунки асосий контрабанда кичик қайиқларда эмас, балки контейнер кемалари орқали амалга оширилади. Қолаверса, 2026 йил ўрталарига келиб 4,7 миллиард доллар маблағ сарфланган бу амалиёт аслида картеллар тармоғини йўқ қилиш ўрнига, майда гумондорларни ўлдириш орқали йирик жиноятчиларни жавобгарликка тортишга халақит бермоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА