“BMB Holding” АҚШ бозорида
Америка Қўшма Штатларида ўтказилаётган нуфузли “Select USA” халқаро инвестиция саммити нафақат сармоялар чорраҳаси, балки янги иқтисодий ғоялар туғиладиган, стратегик шериклик шаклланадиган улкан майдон сифатида яна бир бор аҳамиятини намоён этди. Бу глобал мулоқот минбарида давлатлар манфаати, бизнес ташаббуслари ва инновацион ечимлар ўзаро уйғунлашиб, келажак иқтисодиёт қиёфасини чизмоқда.
Жорий йил 4 май куни саммит доирасида ўтган пленар сессия ва кўргазманинг расмий очилишида Ўзбекистон делегацияси иштироки мамлакатимизнинг очиқ ва прагматик инвестиция сиёсатига берилган юксак баҳо сифатида қабул қилинди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фурқат Сиддиқов ҳамда Қўшма Штатларнинг юртимиздаги элчиси Жонатан Хеник иштирокидаги ушбу мулоқот икки давлат ўртасидаги иқтисодий кўприклар янада мустаҳкамланаётганини кўрсатди.

АҚШ савдо вазири Говард Лютникнинг табрик нутқи эса очиқ иқтисодиёт тамойили ва сармоядорлар учун яратилаётган қулай муҳитнинг мазмун-моҳиятини ёрқин ифода этди. У инвестиция фақат капитал эмас, балки ишонч, барқарорлик ва тараққиётга қаратилган узоқ муддатли стратегия эканини таъкидлади.
Кўргазма доирасида “BMB Holding” томонидан намойиш этилган маҳсулотлар миллий иқтисодиётимизнинг амалий ютуқларини жонли далил сифатида кўз-кўз қилди. Айниқса, Жиззах вилоятининг тоғли Бахмал тумани далаларида етиштирилиб, қадоқланган заъфарон – табиат неъмати ва меҳнат маҳсулининг ноёб уйғунлиги сифатида барчада қизиқиш уйғотди. Шунингдек, чуқур қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари замонавий технология ва қўшилган қиймат занжири юксак босқичга кўтарилганидан далолат берди.

Холдинг маҳсулотларининг экологик тозалиги, халқаро стандартга мослиги ва экспорт географиясини кенгайтиришга қаратилган аниқ стратегияси хорижий шерикларда ишонч уйғотди. Айни омил “Янги Ўзбекистон” брендининг халқаро бозордаги нуфузини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
АҚШ савдо вазири билан “BMB Holding” таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов мулоқоти давомида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги йўналишлари белгилаб олинди. Етакчи брендимизнинг Америка бозорига босқичма-босқич кириб бориши, экспорт салоҳиятини ошириш ва маҳсулот турларини диверсификация қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

“BMB Za’faron” маҳсулотлари “USDA Organic” халқаро сертификатига эгалиги эса сифат ва хавфсизликнинг энг юқори мезонларига жавоб беришини яна бир бор тасдиқлайди.
Умуман, миллий бренд маҳсулотларимиз АҚШ савдо вазирига тақдим этилиши ўзига хос рамзий маъно касб этди. Бундай тадбирлар шунчаки маҳсулот намойиши эмас, балки Ўзбекистоннинг меҳнати, салоҳияти ва ишончли ҳамкор сифатидаги имижини дунёга ёйиш имкониятидир.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз: “Select USA” саммитидаги иштирок мамлакатимизнинг жаҳон иқтисодий маконидаги фаол позициясини янада мустаҳкамлаб, миллий бизнес учун янги бозорлар эшигини очмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири