“Биз жамиятга керакмиз”
Навоий шаҳридаги 11-сон Жазони ижро этиш муассасасида ЎзЛиДеП Навоий вилояти ҳудудий партия ташкилоти томонидан “Биз жамиятга керакмиз” лойиҳаси доирасида 2024 йил 22 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги Президентнинг фармони мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тарғиб қилиш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар мазкур фармонда халқ манфаатларига йўналтирилган бошқарув тизимини янада такомиллаштириш, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратишдек муҳим мақсадлар илгари сурилганлигини алоҳида таъкидлади.
Айниқса, фармонда ёшларнинг салоҳияти, истеъдоди ва ташаббусларини тўлақонли рўёбга чиқариш бўйича аниқ йўналишлар кўрсатиб ўтилган. Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ёшлар ўртасида тадбиркорлик ва бизнесни янада ривожлантириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, интеллектуал салоҳиятини тўлиқ намоён этиш, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилади.
Жумладан, ёшлар ўртасида тадбиркорликни кенг оммалаштириш ва бизнес билан шуғулланишга қўшимча имкониятлар яратиш мақсадида оилавий тадбиркорлик дастури доирасида ажратилаётган кредитларнинг камида 40 фоизи ёшлар тадбиркорлигини ривожлантиришга йўналтирилиши белгиланди.
Фармоннинг яна бир эътиборга молик жиҳати шундаки, 2024 йил 1 майга қадар адашган ёшларни жамиятга интеграция қилиш, уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш мақсадида Ёшлар иттифоқи кафиллиги асосида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган ёшларни пробация ҳисобидан чиқариш амалиёти жорий этилади. Уларни профилактик ҳисобга олиш асослари кескин қисқартирилади.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, фармон ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол, интеллектуал салоҳиятли, ўз қатъий позициясига эга, юртда амалга оширилаётган ислоҳотларга бефарқ бўлмаган, интилувчан, серғайрат, ватанпарвар, садоқатли, комил шахслар сифатида тарбиялаш борасида бошланган ишларни янги босқичга олиб чиқишда дастуриламал бўлади. Бу эса Ўзбекистоннинг дунёнинг энг ривожланган давлатлари сафидан ўрин олиши кафолатидир.
Йиғилиш сўнггида маҳкумларнинг саволларига мутассадлилар томонидан тегишли жавоблар берилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири