Биз, ёшлар ишончни оқлаймиз
Жорий йил мен учун жуда омадли бўлмоқда. Боиси, мактабда аъло баҳоларга ўқиб, олтин медаль билан тамомладим. Бундан ташқари, юртимизда хотин-қизларга яратиб берилаётган имкониятлардан фойдаланиб, 2020 йил октябрь ойида Қашқадарё вилоятида илк бора, “Республика лидер қизлар-2020” фестивалини ўтказдим. Бунда вилоятимиздан юз нафарга яқин қизлар, шунингдек, қўшни вилоятлардан ҳам тенгдошларим келиб қатнашди. Таклиф ва ташаббусларини айтиб, муҳокама қилинди.
Кечаги кун – мен каби бутун Ўзбекистон ёшлари ҳаётида унутилмас саналардан бири бўлиб қолади. Президентимизнинг маърузаларини эшитар эканмиз, мамлакат ёшларига қаратилаётган эътибор, яратилаётган чексиз имкониятлар бизни жуда хурсанд қилди ва шу билан бирга улкан масъулият ҳиссини юклади. Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир маърузаларида ёшларнинг илм олишига алоҳида урғу бериши юртимизда таълим тизимига бўлган кучли эътибордан далолат беради. Биз ёшларга қарата, “азиз болаларим илм олинг, илм ўтда ёнмайдиган, сувда чўкмайдиган, ҳеч ким сиздан тортиб ололмайдиган бойлик эканини асло унутманг”, дея қайта-қайта такрорлаши, биз ёшларни билим олишга ундайди.
Битирувчи ёш сифатида кеча Президентимиз томонидан айтилган имкониятлардан бахтиёр бўлдим. Сабаби, жорий йилда олий таълимга қамровни 28 фоизга кўтарилиши, нафақат “Темир дафтар”даги оила фарзандларига, балки барча талабаларга 3 йилдан 7 йилгача таълим кредити ажратилиши, мактаб битирувчиларига қўшимча тарзда касб-ҳунар дипломлари берилиши, ҳар йили ёшлар бўйича алоҳида давлат дастурлари ишлаб чиқилиши, бу биз ёшлар учун улкан имкониятдир.
Биз, ёшлар ҳам мана шу ишончга муносиб бўлишга, яратаётган имкониятларини оқлаган ҳолда Ватан учун хизмат қилишга ҳаракат қиламиз ва ваъда берамиз.
Ҳусниябону Рўзмуродова,
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги 25-умумтаълим мактаби битирувчиси.
Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА