«Биз ухлаётганда улар хизматда…» Бир қўнғироқ ортидаги бедор тун ва ҳақиқий фидойилик
— «Илтимос, ёрдам беринг… Қўшни хонадонда қаттиқ шовқин-сурон бўляпти, ёш болалар қўрқиб уйғониб кетди. Тун бўйи йиғлашяпти…»
Бу — 2026 йилнинг 2 июль куни кеч соат 23:00 ларда Мирзо Улуғбек тумани 2-сон Ички ишлар бўлими Навбатчилик қисмига келиб тушган қўнғироқ эди. Бу — болаларнинг оромини, оилаларнинг тинчлигини ва маҳалла осойишталигини сақлаб қолиш учун қилинган умид қўнғироғи эди.
Ўша вақтда навбатчилик қисмида хизмат олиб бораётган катта инспектор-навбатчи, катта лейтенант — Ойдин Хонкелдиева ҳар кунгидек юзлаб мурожаатлар учун масъул эди.
Навбатчилик қисми эса — Ички ишлар органларининг юраги.
Бу ерга келган ҳар бир қўнғироқ ортида инсон тақдири, оила тинчлиги, баъзида эса инсон ҳаёти туради.
Навбатчи офицернинг вазифаси телефонни кўтариш билан тугамайди. У мурожаатчини хотиржам қилади, воқеанинг ҳар бир тафсилотини аниқлайди, вазиятни баҳолайди ва бир неча дақиқа ичида қайси хизмат кучлари йўналтирилишини белгилайди.
Бу сафар ҳам шундай бўлди.
Мунавварқори маҳалласи, Пилла кўчасидаги хонадондан тунги шовқин-сурон ҳақида аноним мурожаат қабул қилиниши билан катта лейтенант — Ойдин Хонкелдиева зудлик билан тунги хизматдаги 297-йўналиш автоэкипажи ҳамда Ялонғоч маҳалласи профилактика инспектори, лейтенант — Ҳусниддин Бекқуловни воқеа жойига йўналтирди.
Агрессияга қарши агрессия эмас, сабр билан жавоб берилди
Манзилга етиб борилганда хонадонда спиртли ичимлик таъсирида бўлган шахслар баланд мусиқа овозида шовқин кўтараётгани маълум бўлди. Бу ҳолат нафақат қўшниларнинг, балки кичик ёшдаги болалар, кексалар ва беморларнинг ҳам оромини бузган эди. Энг қийини эса шундаки, ҳуқуқ-тартибот идораси ходимлари келганидан кейин ҳам воқеа иштирокчилари ўзини босмади. Аксинча, улар овозини янада баландлатиб, хизмат вазифасини бажараётган ходимларга нисбатан агрессив муносабат билдирди, қонуний талабларга бўйсунмасликка уринди.
Шундай вазиятларда ҳар қандай инсон ҳиссиётга берилиши мумкин. Аммо ҳақиқий ички ишлар ходими вазиятни куч билан эмас, ақл, сабр ва қонун билан бошқаради. Ёш бўлишига қарамасдан, профилактика инспектори — Ҳусниддин Бекқулов ҳар бир сўзини ўйлаб айтди.
У инсонпарварлик тамойилларига амал қилди. Фуқароларни тинчлантирди. Жанжалнинг янада авж олишининг олдини олди. Натижада маҳалладаги тунги осойишталик қайта тикланди.
Ўша тунда кимдир фарзандини яна бағрига босиб ухлатди. Кимдир эрталабги ишига хотиржам тайёргарлик кўрди.
Кимдир эса «раҳмат» деган битта сўз билан ички ишлар ходимларининг бутун тунги меҳнатига муносиб баҳо берди.

«Шундай йигитлар бор экан, юртимиз тинч экан…»
Мурожаат қилган фуқаро хизмат ўз вақтида ва қонуний ҳал этилганидан кейин миннатдорчилик билдириб шундай деди:
«Болаларимиз қўрқиб уйғониб кетган эди. Қисқа вақт ичида келиб вазиятни тинч йўл билан ҳал қилганингиз учун раҳмат. Шундай фидойи ходимлар борлиги учун маҳалламиз ҳам, юртимиз ҳам тинч эканлигига яна бир бор ишондик».
Ана шундай самимий эътироф ҳар қандай мукофотдан қимматли.
Қонун — барча учун баробар
Жамоат тартиби ва фуқаролар осойишталигини бузиш ҳуқуқий жавобгарликка сабаб бўлади.
Шу муносабат билан мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194-моддаси талаблари асосида маъмурий баённома расмийлаштирилди. Шунингдек, қонунчиликка кўра, ички ишлар органи ходимининг қонуний талабини бажармаслик ёки хизмат вазифасини бажаришига тўсқинлик қилиш ҳам маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади. Бу талаблар жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ва ҳар бир фуқаронинг осойишта ҳаёт кечириш ҳуқуқини ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Тунги сокинлик — саломатлик гарови
Невропатолог-нейропсихолог Собитжон Қурбоновнинг таъкидлашича, инсон организми учун кечки вақтда ўз вақтида ухлаш ҳаётий аҳамиятга эга.

—“Кечки соат 22:00 атрофида ухлаш инсон миясининг дам олиши, асаб тизимининг тикланиши ва мелатонин гормонининг табиий ишлаб чиқарилиши учун энг мақбул вақт ҳисобланади. Доимий тунги шовқин инсонда стресс, қон босими ошиши, асабийлик, диққат пасайиши ҳамда иммунитет сусайишига сабаб бўлади. Айниқса, кичик ёшдаги болалар ва кексалар учун тунги осойишталик жуда муҳим”, — дейди мутахассис.
Демак, тунги тинчликни сақлаш нафақат қонун талаби, балки аҳоли саломатлиги учун ҳам муҳим омилдир.
«Бизнинг вазифамиз — халқ тинчлигини асраш»
Катта лейтенант — Ойдин Хонкелдиева шундай дейди:

— «Хизматимиз давомида турли инсонлар билан учрашамиз. Айримлари асабий бўлади, айримлари спиртли ичимлик таъсирида бўлади, баъзан эса хизмат вазифамизни шахсий муносабат деб қабул қилиб, агрессив ҳаракат қилишади. Лекин биз ҳар бир вазиятда босиқликни сақлашимиз шарт. Чунки бизнинг асосий мақсадимиз — Ватанга хизмат қилиш, фуқароларнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш. Раҳбариятимиз юклаган вазифани виждонан бажаришни ўзимиз учун шараф деб биламиз».
Лейтенант — Ҳусниддин Бекқулов ҳам қуйидагиларни таъкидлайди:

— «Ҳар бир чақирув ортида инсон тақдири туради. Шунинг учун ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашамиз. Баъзан хизматимиз тушунмовчилик билан қабул қилинади. Лекин кейинчалик фуқароларнинг миннатдорчилигини эшитганимизда, қилган меҳнатимиз беҳуда эмаслигини ҳис қиламиз. Энг катта мукофотимиз — одамларнинг хотиржамлиги».
Биз оромда ухлаётган тунлар тасодиф эмас…
Тунги кўчаларда сокинлик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Бу сокинлик ортида телефон олдида ҳушёр турган навбатчи офицер ҳам бор. Бир чақирув билан йўлга чиққан экипаж ҳам бор. Агрессияга сабр билан жавоб берган ёш профилактика инспектори ҳам бор.
Уларнинг оиласи ҳам бор. Улар ҳам фарзандларини соғиниб, тунни уйида эмас, хизматда ўтказади. Чунки кимдир бизнинг болаларимиз хотиржам ухлаши учун ўз фарзандининг ёнида бўлолмайди.
Шунинг учун ҳар бир фуқаро тунги вақтда қонун талабларига амал қилиши, атрофдагиларнинг оромини ҳурмат қилиши ва ички ишлар органлари ходимларининг машаққатли меҳнатига муносиб баҳо бериши зарур.
Зеро, тинч Ватан, осуда маҳалла ва хотиржам тун — минглаб фидойи инсонларнинг бедор тунлари эвазига яратилади.
Ватан тинчлиги — энг улуғ неъмат.
Уни асраётган инсонларни қадрлаш эса ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.
Моҳичеҳра Эшмирзаева, ЎзА