“Биз ҳам эътибордан четда эмасмиз”
3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни
Жиззах шаҳрида “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Жиззах вилоят бўлими ташаббуси билан 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни олдидан ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган фуқаролар ўртасида спортнинг шахмат ва шашка турлари бўйича спорт беллашувлари ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 22 ноябрдаги “3 декабрь – Халқаро ногиронлар кунини муносиб ўтказиш тўғрисида”ги мажлис баённомаси ва унда тасдиқланган чора-тадбирлар режасига асосан республикамизнинг барча ҳудудларида мазкур сана муносабати билан маънавий-маърифий, спорт ва хайрия тадбирларини юқори савияда ташкил этиш борасида мутасадди ташкилот ва идораларга бир қатор вазифалар юклатилган.
“Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими ташаббуси билан “Ногиронлар” жамияти ҳамда вилоят шахмат-шашка федерацияси ҳамкорлигида ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган фуқаролар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида спорт мусобақалари ташкил этилмоқда.
– Ногиронлиги бўлган фуқароларимизга кейинги йилларда эътибор ижобий томонга кескин ўзгарганини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман, – дейди Жиззах шаҳар, “Халқобод” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 2-гуруҳ ногирони, фахрийлар ўртасида шахмат бўйича мусобақа ғолиби, 67 ёшли Мавлуда опа Қосимова. – Паралимпиячиларимизнинг Токио шаҳрида эришган муваффақиятлари эътироф этилганини кўриб бу каби эътибордан йиғлаб юбордим.

– Ёшлар ўртасида шахмат бўйича мусобақа ғолиби бўлганимдан жуда хурсандман, лекин хурсандчилигимнинг асосий сабаби, бу эмас, балки, биз каби имконияти чекланганлар эътибордан четда эмаслигида, – дейди “Тошлоқ” МФЙдан 1-гуруҳ ногирони, 32 ёшли Ҳусан Норқўзиев.
Тадбирда ғолиб, совриндор, фаол иштирокчиларга диплом ва қимматбаҳо совғалар топширилди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА