Биз – бирмиз, Ўзбeкистонликмиз!
Бухоро шаҳридаги Ёшлар марказий майдонида “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Қадриятларга таянган тараққиёт!” шиори остида навбатдаги тадбир бўлиб ўтди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларга кўрсатилган номзодлар иштирокида ўтказилган тадбирда асосий эътибор бўлиб ўтадиган сайлов олдидан партия тарафдорларини бир мақсад йўлида бирлаштириш, партиянинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури ҳамда номзодлар билан таништиришга қаратилди.
Оммавий тадбирда сўзга чиққанлар, “Миллий тикланиш” демократик партияси миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро сайлов мезони ва стандартларига мувофиқ очиқлик, ошкоралик, эркин ва адолат принципларига мос равишда ўтказиладиган сайлов майдонига сайловчи ишончи, сайловчи ва халқимиз манфаатларининг ифодаси сифатида кираётганини, бугун сайловчиларга қуруқ ваъдалар эмас, аниқ ва лўнда таклиф ва ташаббуслар, Ватан, миллат манфаати йўлида айтиладиган оддий ва содда гаплар кераклигини таъкидлади.
[gallery-19795]
“Миллий тикланиш” демократик партияси навбатдаги оммавий тадбирини ўтказиш учун бежиз Бухоро танланмаганини, бу замин жаҳон ҳамжамияти ривожига, илм-фанига, маданиятига қўшган ҳиссаси, унинг тарихи ниҳоятда бой ва улуғворлигини ҳар қандай инсон ҳис этиши табиий.
Бухороликлар бугун ҳам Янги Ўзбeкистон ислоҳотларида фаол иштирок этмоқда. Вилоятнинг туризм салоҳияти янада кенг тарғиб қилиниб, Ўзбекистонни сайёҳлик ривожланган давлатлардан бирига айлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Оммавий тадбирда инсон салоҳиятини рўёбга чиқаришга йўналтирилган, инсон қадри устувор бўлган халқпарвар жамият – Янги Ўзбeкистонни барпо этиш йўлида “Қадриятларга таянган тараққиёт!” шиори остида ишлаб чиқилган “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастури мазмун-моҳияти билан кенг таништирилди.
Таъкидланганидек, партия томонидан “Қадриятларга таянган тараққиёт” шиори бежиз илгари сурилаётгани йўқ. Бу миллий-маданий қадриятлар ҳамда замонавий тараққиётнинг уйғунлигида жонажон Ўзбекистонимизни қудратли давлат, халқимизни фаровон бўлиши йўлидаги бирлаштирувчи даъватдир.
“Миллий тикланиш” учун энг устувор масала – бу тарбия. Янги дастурда ҳам ана шу ғоядан келиб чиқиб, баркамол авлод салоҳиятини рўёбга чиқариш мақсадида тарбия ва таълим, яъни мактабгача ва мактаб таълимига устуворлик берилган. Бу борада боғча ва мактабларга тарбиячи ва ўқитувчиларни танлов асосида ишга қабул қилиш тартибини жорий этиш, “Янги авлод педагогларини тайёрлаш Давлат дастури”ни қабул қилиш ташаббуси илгари сурилмоқда.
Бундан ташқари, оилани мустаҳкамлаш, аёллар, ёшларга муносиб шароитлар яратиш, шу билан бирга, соғлом ва баркамол авлодни шакллантириш ҳам энг муҳим вазифа ҳисобланади. Шу билан бирга, тўғри овқатланиш маданиятини шакллантириш, истеъмол товарларининг таркиби, сифати ва нархи мутаносиблигини таъминлаш муҳим саналади.
Шундан келиб чиқиб, дастурда “Ўзбекистонда соғлом овқатланиш миллий Концепцияси”ни қабул қилиш, таркибида “GMO” бўлмаган маҳсулотларни оммалаштириш билан боғлиқ таклифлар ҳам илгари сурилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари.