Биз – бағрикенг мамлакатмиз!
Наманганда “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” шиори остида фестиваль бўлиб ўтди.
Унда вилоятда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг миллий урф-одатлари, таомлари, қадриятлари, ҳунармандчилик ишлари намойиш этилди.
Мамлакатимизда, хусусан, Наманган вилоятида миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлашга доир вазифаларни бажаришда давлат ташкилотлари билан миллий-маданий марказлар, дўстлик жамиятлари, ижодий уюшмалар, нодавлат-нотижорат ташкилотларининг фаолиятини идоралараро мувофиқлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Юртимизда барча фуқароларни миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида қонуний манфаатлари таъминланиб, миллатлараро дўстлик ва ўзаро бағрикенгликни мустаҳкамлаш доимий эътибор марказида. Бу жараёнда республикамизда 130 дан зиёд, шу жумладан, Наманганда истиқомат қилаётган 45га яқин миллат ва элат вакилларининг муносиб улуши бор.
Бадиий-мусиқали дастурда турли миллат вакиллари ўзларининг жозибали куй-қўшиқлари ва рақсларини моҳирона ижро этиб, йиғилганларга хурсандчилик улашди.

Тадбирда юртимиз ижтимоий-иқтисодий юксалишида ўз ҳиссасини қўшиб келаётган вилоят қирғиз, тожик, рус ва корейс миллий маданий марказларига 50 миллион сўм миқдоридаги маблағ сертификатлари тақдим этилди.
– Миллати, элатидан қатъий назар ҳар бир инсон борки, ўзларини ягона оилада, ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик ва бағрикенгликда яшаб, Ўзбекистонни ўз ватани деб, ҳисоблайди, – дейди вилоят қирғиз миллий маданий маркази раиси Нодира Мирзаолимова. – Шулар қаторида Наманганда 20 мингдан ортиқ қирғизлар ҳам мамлакатимиз ривожига дахлдорлик ҳисси билан яшамоқда.

Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги Елхон маҳалласида тўққиз миллат ва элатга мансуб 2 минг 200дан зиёд аҳоли ўзаро аҳил ва фаровонликда умргузаронлик қилмоқда. Маҳалла аҳли ўз уйининг ободлигига қараш билан бирга бутун маҳалла ҳудуди билан боғлиқ ҳар қандай юмушларга асло бефарқ эмас. Бу уларнинг бир-бири билан дўст, ака-ука, опа-сингил тутинганидан нишона.
– Маҳалла аҳолисининг 75 фоизини қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ташкил этади, – дейди ҳунарманд Ҳалима Ўразова. – Биз билан бирга ўзбеклар, руслар, озарлар, қозоқлар, корейслар ҳам истиқомат қилади. Узоқ йиллар давомида Наманган халқаро аэропортида ишчи сифатида меҳнат қилиб, ҳурмат-эҳтиромда пенсияга чиққанман. 40 йилдан буён эса каштачилик ва миллий рўзғор буюмлари намуналарини тикиш билан шуғулланиб келаман. Ўтган вақт давомида қанчадан қанча шогирдларни етиштириб, оиласига, рўғорига кўмакчи қилиб етиштирдик.

“Сепли қиз – эпли қиз” деганларидек, қизларимизни турмушга обдон тайёрлашда ҳунарнинг ўрни беқиёс. Шукр, биз, қирғизлар яшайдиган маҳалла ҳам обод ва кўркам масканга айланди. Йўлларимиз тўла асфальтланди. Болалар боғчаси таъмирдан чиқарилди. Ичимлик суви ва табиий газ таъминоти яхшиланди.
Шу ўринда айтиш даркор, бу каби тадбирлар диллар ва тилларни, қалбларни бирлаштириш асносида энг аввало, Янги Ўзбекистонда умргузаронлик қилаётган турли миллат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ва ривожлантиришга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Фестивалда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА